Коронавирус одам ажратмайди

12:51 15 Сентябр 2020 Жамият
924 0

Бутун Ер юзи бўйлаб ҳукм сураётган пандемия ҳали ортга чекингани йўқ. Мамлакатимизда карантин чекловларининг енгиллаштирилгани бир қанча имкониятлар эшигини очган бўлса-да, бу коронавирус хавфидан ҳимоя қила олмайди. Шундай экан, касалликни юқтириб олиш ва юқтириб қўймаслик чораларини кўриш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бироқ, тан олиш керак, кейинги кунларда бу борада эътиборсизлик пайдо бўлди. Гигиена қоидаларига амал қилмаётганимиз камлик қилгандек, энди ниқоб тақишни ҳам «унутиб қўйяпмиз». Ваҳолонки, ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсон биринчи галда ниқоб тақишни ва унинг афзаллик жиҳатларини англаб етмоғи керак. Бозорларда, бекатларда, ошхоналарда, бир сўз билан айтганда, одамлар гавжум жойларда юртдошларимизнинг бемалол ниқобсиз юрганига, оралиқ масофага амал қилмаётганига гувоҳ бўляпмиз. Нега? Нима, коронавирус сизга яқин йўламайдими? Афсуски, бу касаллик одамларни тоифага ажратиб ўтирмайди. Агар шундай бўлганида саломатлигимизга масъул бўлган мутасадди идоралар вакиллари ушбу дард билан бетобланмаган бўлардилар.

Хуллас, жойларда фуқароларнинг амалдаги тартибларга риоя этмаслик ҳолатлари кузатилмоқда ва мутасаддилар томонидан бунга қарши кураш ҳаракатлари ҳам бошланди. Жумладан, Қўрғонтепа туманида бўлиб ўтган тадбир давомида бир кунда 100 нафардан зиёд фуқароларнинг ниқобсиз юрганлиги ҳолати қайд этилди.

— Уйим шундоққина йўлнинг у четида бўлгани боис бозорга нон сотиб олиш учун киргандим,— дейди Қўрғонтепа туманидаги «Наврўз» МФЙда истиқомат қилувчи Одинахон Собирова. — Ниқобим бор, уйда қолибди.

Қорни очганда нон ейиш кераклигини тушунган юртдошимиз афсуски, бу вақт ичида юзлаб одамларга туртиниши ва кимдандир касаллик юқтириши мумкинлигини ёки ўзи юзлаб одамларга юқтириши хавфи мавжудлигини ҳам тушуниб етса яхши бўларди.

— Дорихонага дори сотиб олиш учун кирдим,-дейди «Савой» МФЙда яшовчи Нуриддин Аҳмадалиев. –Машинам шундоққина дорихона рўпарасида турган бўлса, ниқоб тақишим шартми?

Кечирасизу, коронавирус бу холни узрли ҳисобламайди ва пайт бойлаб туриб, шундоққина танангизга ёпишиб олаверади. Ниқоб тақиш шартлигини шунда тушунасизми, биродар?

Ниқоб тақишни шунчаки «унутиб қўйган» ёки уни «бирровга ечиб турган» айрим юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддасига кўра карантин ва инсон учун хавфли бўлган бошқа турдаги юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан - 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини эслатиб қўйгимиз келди. Энг муҳими, бу ўзгалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши, мамлакатимизда пандемия чекинишини ортга тортиши мумкин. Шундай экан, ҳар биримиз амалдаги тартибларга риоя этиш орқали фуқаролик бурчимизни адо этмоғимиз шарт.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер