Корея Республикаси билан олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлашга қаратилган “йўл хариталари” бажарилиши муҳокама қилинди
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
2022 йил 2 август куни Сенат биносида Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясининг навбатдаги мажлисини Сенат Раиси, Комиссия раиси Т.Нарбаева олиб борди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–67-сонли қарори билан тасдиқланган амалий ҳаракатлар режалари (“йўл хариталари”) ижросининг бориши кўриб чиқилди.
Мажлисда Корея Республикаси билан олий даражада эришилган келишувлар доирасида қатор ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.
Умумий қиймати 5 млрд долларга тенг 40 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Бинобарин, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 22 та тармоқ жадвали тасдиқланган, қолган 18 таси Корея томони билан келишилганидан сўнг тасдиқланиши назарда тутилган.
Амалий ишлар натижасида Жиззах вилоятида оптик тола ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда. Қўшимча 3 та оптик толали (ftth/drop) кабель ишлаб чиқариш ускуналари келтирилиб ўрнатилган.

Фарғона вилоятида Корея Республикаси тажрибаси асосида “Касбий таълим маркази” ташкил этилди, бугунги кунда марказ биноси тўлиқ қуриб битказилиб, Корея Республикасидан келтирилган ўқув жиҳозлари билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилоятида юрак-қон томир дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тармоқ жадвали тасдиқланиб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, тадбир давомида сенаторлар томонидан “йўл хариталари”да белгиланган айрим вазифалар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги танқид қилинди.

Хусусан, “йўл хариталари”да жами 116 та банддаги вазифаларнинг 5 таси бажарилган, 77 таси ўз вақтида бажарилмоқда, 34 тасининг (29 фоизи) ижроси кечиктирилган.
Масалан, Корея Республикаси билан соғлиқни сақлаш соҳасида, жумладан, касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши чора кўриш бўйича ҳамкорлик битими имзоланмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан минтақавий тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ва Ҳукумат қарори лойиҳасини қабул қилиш кечиктирилмоқда.

Энергетика вазирлиги томонидан Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги билан ҳамкорлик йўналишларини белгилаш бўйича вазифалар ижроси таъминланмаган.
Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия манбалари асосида маҳаллий электр станцияларини қуриш бўйича хорижий ҳамкорни аниқлаш учун тендер ўтказиш ишлари ўз вақтида бажарилмай қолинган.
“Йўл хариталари” ижросига масъулиятсизлик билан ёндашган Энергетика вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг батафсил ахборотлари эшитилди.

Мажлисда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилиниб, “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда натижалари юзасидан Комиссияга ахборот киритиш топширилди.
Мажлис якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг