Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ва уларни солиққа тортиш тизими такомиллаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштиришни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи III рейтинг гуруҳига эга жисмоний шахслардан 2024 йил 1 январга қадар қатъий белгиланган миқдордаги солиқ тўлашдан озод этилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган ва ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар – ўқиш муддати давомида концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун давлат божи тўлашдан озод этилиши белгиланмоқда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасини қабул қилиниши концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи ижрочиларнинг рейтинг гуруҳлари сонини қисқартириш, лицензия учун давлат божи ставкаларини пасайтириш, шунингдек маданият ва санъат соҳаси вакилларига енгиллик яратиш, мамлакатимизда миллий маданиятни янада ривожлантириш, халқ оғзаки ижодиётини янада оммалаштиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг