Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди

16:39 20 Май 2022 Сиёсат
1330 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2022 йил 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис палаталари Кенгашлари аъзолари, депутатлар, сенаторлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қўшма мажлисда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга оид чораларни кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ жамиятни барпо этиш ғояси халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Мажлисда сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилувчи, янги қонунларни ишлаб чиқиш ва амалдагиларга замон талабларига мос равишда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясини жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштиришни тақозо этаётгани алоҳида айтиб ўтилди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар бу борада зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини кун тартибига кўймоқда.

Бош қомусимиздаги ўзгаришлар “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада юксалтириш, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш учун мустаҳкам пойдевордир.

Йиғилишда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди.

Комиссиянинг таркибига жамиятимизнинг турли қатламларидан, хусусан, депутатлар, сенаторлар, барча ҳудудлардан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос, сиёсатшунос ва бошқа экспертлар киритилди.

Мажлисда сенатор ва депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Конституциявий комиссия ўз фаолиятини “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя асосида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда олиб бориши, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда халқимизнинг таклиф ва фикрлари асосида шакллантириши лозимлиги таъкидланди.

Комиссияга ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аҳолининг барча қатламларидан Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш борасида вазифалар қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер