Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам ҳуқуқий таянчи

14:04 05 Март 2026 Сиёсат
256 0

Истиқлол йўлидан дадил ва ишонч билан илгарилаётган мамлакатимиз учун демократик давлатчиликни барпо этиш шунчаки сиёсий шиор эмас, балки стратегик ва тарихий вазифадир. Ана шу юксак мақсад сари ҳаракатда конституциявий судлар фаолияти алоҳида ва ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Чунки улар мамлакатда Конституция руҳининг посбони, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли кафолати, демократик меъёрларнинг ҳуқуқий қалқонидир.

Конституциявий судлар давлат ҳокимияти тизимидаги энг олий конституциявий назорат институти бўлиб, мамлакатда қабул қилинаётган барча қонунлар, парламент қарорлари, Президент фармонлари ва қарорлари, ижро ҳокимияти ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлайдиган стратегик механизмдир. Конституциявий суд фаолияти орқали давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида мувозанат таъминланади, қонун устуворлиги амалда қарор топади ва жамиятда адолат тамойили мустаҳкамланади. Зеро, Конституция устувор бўлган жамиятда ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларининг ҳимоя қилинганига ишонади, давлат эса ўз сиёсий қарорларини қонунийлик ва масъулият мезони асосида қабул қилади.

Ҳар бир давлат ўз тарихий тажрибаси, сиёсий тизими ва ҳуқуқий анъаналарига кўра Конституциявий суднинг ваколат доирасини белгилайди. Шу боис, унинг таркиби, судьялар тайинланиш ёки сайланиш тартиби, ваколат муддати, ички тузилиши ва функциялари турли мамлакатларда бир-биридан фарқ қилади. Айрим давлатларда суд фақат норматив назорат билан чекланса, бошқаларида у фуқароларнинг тўғридан-тўғри мурожаатларини кўради, сиёсий партиялар фаолиятини назорат қилади ёки юқори мансабдор шахсларни суд қилиш ваколатига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, бу мустақил давлатчиликнинг ҳуқуқий меъморчилиги бошланган давр, қонун устуворлиги тамойилини амалий ҳаётга татбиқ этиш бўйича илк стратегик қадам эди. Конституциявий суд фаолияти кейинги йилларда бир неча бор такомиллаштирилди: янги қонунлар қабул қилинди, Конституцияга ўзгартишлар киритилди, суд тизими институционал жиҳатдан мустаҳкамланди. Бу жараёнлар суднинг нуфузини оширди, унинг ваколатларини аниқ ва самарали тарзда белгилаб берди. Суд нафақат ҳуқуқий, балки сиёсий барқарорликнинг ҳам муҳим омилига айланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли янгиланишлар нафақат иқтисодий ёки ижтимоий соҳани, балки давлатчиликнинг энг муҳим устуни бўлган суд-ҳуқуқ тизимини ҳам тубдан янгилашни назарда тутади. Бу жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Янги Ўзбекистон” тараққиёт концепциясининг узвий ва мантиқий давомидир.

“Янги Ўзбекистон” ғояси марказида бир тамойил мужассам: инсон қадри — олий қадрият. Бу шунчаки шиор эмас, балки давлат сиёсатининг асосий мезонидир. Зеро, инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаган, адолат устувор бўлмаган жамиятда барқарор тараққиёт бўлиши мумкин эмас. Шу боис суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди.

Бу ислоҳотлар орқали суд мустақиллигини таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш, процессуал кафолатларни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини тиклашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Суд қарорларининг шаффофлиги, очиқлиги ва асосланганлиги янги стандартга айланмоқда. Бу эса жамиятда қонунийлик ва адолат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мазкур жараёнларда Конституциявий суд алоҳида ва марказий ўрин тутади. Чунки у давлат ҳокимияти тармоқлари фаолияти устидан конституциявий назоратни амалга оширади, қонун ижодкорлиги жараёнида Конституция устуворлигини таъминлайди ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг юксак ҳуқуқий механизми сифатида намоён бўлади.

Давлат раҳбарининг сиёсий нутқларида тез-тез тилга олинадиган “конституциявий назорат”, “инсон қадри”, “адолат”, “очиқлик ва шаффофлик” каби тушунчалар айнан Конституциявий суд фаолиятида ҳам ўзининг амалий ифодасини топади. Зеро, Конституция устувор бўлган жамиятда ҳеч бир қарор Асосий Қонундан устун бўлолмайди.

Бугунги ислоҳотлар шуни кўрсатмоқдаки, қонун устуворлиги ва адолат тамойили давлат сиёсатининг марказига айланмоқда. Ана шу жараёнда Конституциявий суднинг ўрни ва масъулияти янада ортиб бормоқда. Чунки Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу, аввало, Конституция устуворлигига таянган ҳуқуқий давлат қуриш демакдир.

2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакат ҳуқуқий ҳаётида ҳақиқий бурилиш нуқтасига айланди. Бу шунчаки айрим моддаларни янгилаш эмас, балки давлат ва жамият муносабатларининг мазмунан қайта белгилаб олиниши, инсон қадрини олий қадрият сифатида ҳуқуқий мустаҳкамлаш ва конституциявий адолатни янги босқичга олиб чиқиш демакдир.

Янги таҳрирдаги Конституцияда Конституциявий суд ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Энг муҳим янгилик фуқаролар ва юридик шахсларга конституциявий шикоят қилиш ҳуқуқи берилганидир. Бу қарор — тарихий аҳамиятга эга. Чунки эндиликда адолат фақат давлат органлари ташаббуси билан эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий фаоллиги орқали таъминланади. Бу — Конституцияни ҳар бир инсоннинг шахсий ҳуқуқий ҳимоя воситасига айлантириш демакдир. Энди фуқаро ўз ҳуқуқи бузилган деб ҳисобласа, тўғридан-тўғри Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятига эга. Бу эса адолатни марказлашган тизим эмас, балки жамиятнинг ҳар бир қатламига яқинлаштиришга хизмат қилади.

2025 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармоннинг қабул қилиниши Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришда янги босқични бошлаб берди. Мазкур фармон билан суд фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, рақамли технологияларни жорий қилиш ва очиқликни таъминлаш бўйича кенг қамровли вазифалар белгилаб берилди.

Бу чора-тадбирлар очиқлик ва шаффофликни давлат сиёсатининг амалиётдаги мезонига айлантириш, адолатни фуқарога янада яқинлаштириш ва Конституциявий судни замонавий бошқарув маданиятига мослаштиришга қаратилган.

Рақамли трансформация орқали суд қарорларининг очиқлиги таъминланади, мурожаатлар кўриб чиқилишида тезкорлик ва аниқлик ошади, давлат органлари билан ахборот алмашинуви самарали йўлга қўйилади. Бу эса қонунийлик муҳитини мустаҳкамлаш ва жамиятда адолатга бўлган ишончни оширишга хизмат қилади.

Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки таркибий ўзгаришлар ёки ҳуқуқий техника масаласи эмас. Бу — давлат ва жамият муносабатларини янги мазмунда қайта қуриш, инсон қадрини олий мезонга айлантириш, қонун устуворлигини ҳаёт меъёрига айлантириш жараёнидир.

Конституциявий суд ана шу тарихий жараённинг марказида турибди. У фақат қонунларни текширувчи орган эмас, балки Конституция руҳининг посбони, адолатнинг олий мезони, давлат барқарорлигининг ҳуқуқий кафолатидир.

Янги Ўзбекистон шароитида Конституциявий суд — бу ҳуқуқий назорат органи бўлибгина қолмай, балки миллий тараққиёт стратегиясининг ҳуқуқий кафолатига айланмоқда. Чунки Конституция устувор бўлган жамиятдагина барқарор иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолат ва сиёсий барқарорлик таъминланади. Конституция устуворлиги — адолат устуворлигидир. Ана шу тамойил Янги Ўзбекистонни янада кучли, очиқ ва инсонпарвар давлат сифатида шакллантиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Ҳасан АБДУРАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер