Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси
Фото: «Халқ сўзи»
Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан “Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” шиори остида вилоятнинг асосий байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирга таклиф этилган меҳмонлар дастлаб вилоят мусиқали-драма театри олдидаги хиёбонда бир қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари ва давлат ташкилотлари томонидан ташкил этилган “Менинг Конституциям – шаъним ва қадрим ҳимоячиси” мавзусидаги кўргазма билан танишишди.

Ҳар бир ташкилот стендида Конституциямиздаги шу соҳа фаолиятига оид модда ҳамда мазкур орган ва ташкилотлар томонидан амалга оширилган асосий ишлар акс эттирилган эди. Қолаверса, иштирокчилар ҳар бир стенд олдида ўша ташкилот масъулларидан вилоятимизда фуқароларни иш билан таъминлаш, ёшлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва яна кўплаб масалаларга оид кенг ва қизиқарли маълумотларни олиш имконига эга бўлишди.
Шундан сўнг байрам тантанаси театрнинг муҳташам залига кўчди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов тантана иштирокчиларини ва улар орқали Қашқадарё аҳлини, кўп миллатли халқимизни улуғ байрам билан табриклар экан, Қомусимизнинг жамиятда тутган ўрни нақадар аҳамиятли эканини таъкидлаб ўтди.

Муротжон Азимов Асосий Қонунимизнинг бир қатор моддаларини батафсил шарҳлади, жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши кафолатланганини эслатиб ўтди.
— Барчангизга маълум, Президентимиз томонидан 2024 йил Қашқадарёда Сифатли таълим ва тиббиётни ривожлантириш йили бўлади, деб эълон қилинди, — деди вилоят ҳокими. — Биз қайсики соҳани тараққий эттиришни истар эканмиз, бунинг ечими таълимни ривожлантиришда эканини англаймиз ва бу йўлда барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.
Шунингдек, ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш, йўллар қуриш, ижтимоий соҳа объектларини бунёд этиш ва фарзандларимизнинг эртанги ҳаёти учун хизмат қиладиган кўплаб бошқа ташаббуслар илгари сурилаётгани қайд этилиб, буларнинг барчаси Қомусимизда белгилаб берилган тамойиллар асосида Президентимиз томонидан олиб борилаётган халқчил ва одилона сиёсат меваси эканлиги таъкидланди.
Байрам тадбири доирасида санъат усталари ва истеъдодли ёш ижрочилар иштирокидаги катта концерт дастури намойиш этилиб, мустақиллик, эркинлик, она Ватан ва Қашқадарёни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг