Конституция давлат ва жамият тараққиётига хизмат қилади
Конституциявий ислоҳотлар халқимиз манфаатларини рўёбга чиқариш йўлида янги даврни бошлаб бериш, «инсон — жамият — давлат» тамойили акс этган мақсадларимизни амалга оширишда мустаҳкам ва ўзгармас ҳуқуқий асос бўлади.
Зеро, янгиланаётган Конституциямизга кўплаб концептуал янги нормалар киритилмоқда. Мисол учун, 20-моддада инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши кафолатланмоқда.
Наманган вилояти Уйчи туманида янгиланаётган Конституция мазмун-моҳиятига бағишлаб ташкил этилган тадбирда бу ҳақда алоҳида таъкидланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари иштирок этган тадбирда Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Қуйи палата депутати Б.Мирзамованинг айтишича, Конституцияда давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши мустаҳкамланмоқда. Қолаверса, давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши қайд қилинмоқда.
Тадбирда иштирокчилар Конституциямизга киритилаётган ўзгартишларни қўллаб-қувватлаб, буларнинг барчаси халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш йўлидаги муҳим қадам эканлигини билдирди.
Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси — Наманган шаҳридаги 26-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.
Учрашувда депутат янгиланаётган Конституциямизнинг аҳамияти ҳақида тушунтиришлар бериб, Бош қомусимизда оила, болалар ва ёшлар учун алоҳида боб ажратилаётганини қайд этди. Хусусан, давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шаклланитириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланмоқда.
Қизғин ва савол-жавобларга бой бўлган учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг