“Кўнглимга бир ёрлиқ, Ҳақдан иноят”
Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова агар ҳаёт бўлганида 69 ёшга тўлган бўларди. Ижодкор бугун дилбар шеърларида, пурмаъно ҳикояларида, долзарб мавзулар қаламга олинган публицистик асарларида иккинчи умрини яшамоқда. Унинг “Қоракўз турналар”, “Суманбар насим”, “Кўнгил уфқлари”, “Ишқ ифори” каби шеърий тўпламлари, “Сирли тун фарёди” ҳикоялар мажмуаси, “Қизойимларга келинлик сабоқлари”, “Тиббиёт фидойилари”, “Халоскорлик”, “Эъзозли аёллар” каби публицистик асарлари китобхонларнинг чинакам дўстига, ҳамроҳига айланган.
Қуйида шоира ижодидан намуналар туҳфа этамиз.
ЭШИК ЧEРТИЛАДИ…
Эшик чертилади…
Ҳапқирар юрак.
Ҳаяллаб бўлса ҳам келдимикан
Бахт?!
Балки олиб тушган кўкдан фаришта
Кўнглимга бир ёрлиқ, Ҳақдан иноят.
Эшик чертилади…
Балки бу хаёл?!
Хазонлар товшидир қулоққа инган.
Балки ҳасратидир дарбадар шамол
Рангсиз умидлари шохларда цинган.
Эшик чертилади…
Вақтдир бу балки,
Бевақт юрагимни тақиллатётган.
Бесамар йилларнинг армони каби
Кўнгилни занглатиб, зил босиб ётган.
Эшик чертилади…
Тураман беҳол,
Балки олма отаётир дов-дарахт.
Балки удир ишқимни қилган увол,
Айро йўлда ташлаб кетган
Муҳаббат!
Эшик чертилади…
Узоқ куттирмай,
Балки дўст келгандир ўзи чопарга.
Кўнгил билан ҳеч кимга айтмай,
Отланамиз ёруғ сафарга.
Эшик чертилади…
Англатгил, ё Раб,
Мени уйғотгучи сирли лаҳзадир.
Кимни рози қилдим дунёда яшаб?
Шу савол олдида юрак лағчадир.
Балки эшик қоқар… қилади исён,
Бўғзимга қадалиб йиғлаётган сўз.
Кўкрак қафасимда хўрланган виждон,
Балки қишдан огоҳ қилмоқчидир куз.
Эшик чертилади…
Очаман аста,
Қароғимда сизиб, қотиб қолар ёш.
Остонамда турар ҳорғин, хижолат –
Мен кутмаган дўстдай кулиб
Олтмиш ёш.
Эшик чертилади…
АЁЛ КEТИБ БОРАР…
Аёл кетиб борар ёниб, гувиллаб,
Кўнглида тириклик қўнғироқлари.
Шамоллар пойида йиғлар бош уриб,
Сочиб юборади гул япроқларни.
Кетиб борар аёл… кўнглига ишқмас,
Тикиб тирикликнинг байроқларини.
Қулоғи кар дунё, ҳайҳот эшитмас,
Сельдай тошган фарёд, ингроқларини.
Аёл кетиб борар… тундай ёйилган
Бахтсизликдай қаро сочларин ғами.
Кўнгил меҳробига ёқиб қўйилган
Қирқ битта жонининг қирқ битта шами.
Кетиб борар аёл… ёлғизлик аро
Сирпанчиқ йўллари, қировли, музли.
Онҳазратнинг умматлари, хешлари,
Ҳазрати эркаклар, эшитяпсизми?
Бу кетиши гўё кўчкилар каби,
Қурбон қушдай тўзғир дил ришталари.
Муҳаббатдан кетар, кўнгилдан кетар
Худонинг ердаги фаришталари.
Кетиб борар аёл ёниб, гувиллаб…
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг