Кўклам хавотирдан холи ўтиши учун зарур чоралар кўрилмоқда

21:36 15 Февраль 2023 Жамият
575 0

Фото: Халқ сўзи

Баҳор фасли яқинлашгани сари ёғингарчилик эҳтимоли туфайли юзага келиши мумкин бўлган ҳодисалар кишиларни ташвишга солаётгани ҳам рост. Сабаби, ортда қолган йиллар республикамизнинг айрим ҳудудларида меъёридан ортиқча ёмғир ёғиши баъзи муаммоларга сабаб бўлишини исботлаб берди. Жумладан, Андижон вилоятида бу борада бажарилиши муҳим бўлган масалалар ҳам йўқ эмас. Шу боис ҳозирдан келиб чиқиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораси кўрилмоқда.

— Кўкламда айрим ҳолларда кузатиладиган сел оқими сув тошқинига сабаб бўлади, — дейди Андижон вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, майор Сардорбек Зулунов. — Шу боис Президентимизнинг 2022 йил 18 ноябрдаги «Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида муайян режа-дастур ишлаб чиқилди. Унга биноан Андижон вилоятининг 16 та шаҳар ва туманида тошқинга қарши тезкор штаблар ташкил этилди. Манзилли дастур бўйича вилоят ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ва сойларнинг ўрганилиши натижасига кўра, 2023 йилда Балиқчи, Қўрғонтепа ва Хонобод шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорадарёнинг емирилган ўнг дамба қирғоқларини мустаҳкамлаш ва тиклаш ишларини, Избоскан ва Пахтаобод туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи Майлисойнинг ҳимоя дамбаларини мустаҳкамлаш, сув хўжалиги ҳамда ижтимоий объектларни ҳимоя қилувчи бараж иншоотларини қуриш мақсадлари учун 21 миллиард сўм миқдорида пул маблағлари ажратилган.

Шунингдек, шаҳар ва туман марказларидаги ариқларни, каналларни тозалаш, таъмирлаш, қайта қуриш чоралари кўрилмоқда. Кўп қаватли уйларнинг ер тўлаларига кириш йўлаклари тозаланмоқда. Бир сўз билан айтганда, бу йилги баҳор мавсуми хавотирдан холи ўтиши учун барча шароит яратилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер