Кластер далаларига илк бор хориждан келтирилган чигит экилади

17:33 14 Февраль 2024 Жамият
861 0

“Мергантекс” масъулияти чекланган жамияти негизидаги пахта-тўқимачилик кластери экин майдонларида илк бор Хитой Халқ Республикасидан келтирилган “Zhongmian 88” пахта нави етиштирилади. Бухоро вилояти Қоракўл туманида фаолият кўрсатаётган мазкур кластер томонидан баҳорда тажриба тариқасида 350 гектар ерга шундай уруғлик чигит экиш кўзда тутилмоқда.

— Яқинда Хитойда бўлганимизда бу мамлакатнинг пахтачилик соҳасидаги бой тажрибасини ўргандик, — дейди кластер раҳбари Иброҳим Ҳамроев. — Танлаган навимиз пахтаси 115 кунда пишиб етилади. Хитойда ундан гектарига 60 — 90 центнердан ҳосил олинаяпти. Бунинг устига уларда ерларнинг шўрланиш даражаси бизникига қараганда юқори. Шунга қарамай, далада кетмон чопган кишини ёки бегона ўт босган далани кўрмайсиз. Барча юмушлар замонавий технологиялар воситасида бажарилади. Чигит плёнка остида экилади. Ғўзага ишлов беришда учувчисиз қурилмалардан фойдаланилади. Биз ўтган йилда бу борада муайян тажриба тўпладик. Жумладан, полиэтин плёнка ишлаб чиқариш, экинни томчилатиб суғориш, ерларни лазерли қурилмалар ёрдамида текислаш ишларини йўлга қўйдик.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ерни лазерли қурилма воситасида текислаш сувни тежаш имконини беради. Чигит плёнка остида экилганида ҳарорат бир меъёрда сақланади, ғўзанинг вилтга чидамлилиги ошади, намлик узоқ муддат сақланади.

Айтмоқчи, пахта-тўқимачилик кластери техника паркида бир эмас, учта учувчисиз қурилма — дронни ҳам кўриш мумкин. Ўтган йилда улар воситасида ер тасвирини олиш, лазерли майдон текислагич агрегатига координатлар юзасидан тегишли буйруқни етказиш, экинни суғориш юмушлари бажарилди. Маълум бўлишича, ғўза баргини тўкишда ҳам дронлар деҳқоннинг беминнат ёрдамчиси бўла олади. Негаки, тракторлар ёрдамида дефолиация ўтказилса, ғўза гули тўкилиши, бир қисм кўсакларга зиён етиши эҳтимоли катта. Қолаверса, учувчисиз қурилмадан фарқли тарзда ерда намлик бўлгандагина трактор воситасида ғўзага дефолиантларни пуркаш мумкин.

Дронлар иш самарадорлиги ҳам юқори. Уларнинг ҳар бири 4 —5 дақиқада бир гектар ердаги экинга ишлов бера олади. Шуларни инобатга олган пахта -тўқимачилик кластери Хитойдан яна бир туркум учувчисиз аппаратларни олиб келмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер