«Китобхонлик ҳафталиги»да арзонлаштирилган китоб савдоси ташкил қилинмоқда
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Кеча бошланган V республика «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказида арзонлаштирилган китоб савдоси бўлиб ўтмоқда.

— Арзонлаштирилган кўчма китоб савдоси туман-шаҳарлар ҳамда маҳаллаларда ҳам ташкил этилаётир, — дейди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Зафар Мирраҳимов. — Шу ўринда айтиш лозимки, бевосита маҳаллаларда ҳам китоб дўконлари кўпаймоқда. Айниқса, ҳар бир маҳалла идорасида кутубхоналар ташкил қилинаётгани аҳоли, ёшлар ўртасида китобхонликнинг янада оммавийлашишида муҳим омил бўлмоқда.

Эътироф этиш керакки, ҳафталик давомида Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан «Мен китобни сизга улашдим, сиз оламга зиё улашинг» акцияси ҳам ўтказилаётир. Унга кўра ҳокимликлар, идора ва ташкилотлар ҳомийлигида вилоят ахборот-кутубхона марказига китоблар тўплами туҳфа этилади. Ушбу совға 150 номдаги тавсиявий китоблардан иборат бўлиши белгиланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг