Китобхон: "Инсоният тарихи дунёга буюк шахсларнинг келиши билан пайдо бўлади"
Маълумки, онлайн нашримизда иқтисод фанлар доктори, профессор Муртазо Раҳматов, биология фанлари доктори, профессор, жаҳон физиологлар жамияти академияси(Стокгольм) академиги Бакридин Зарипов муаллифлигида “Истеъдодли инсонлар мамлакатнинг бебаҳо бойлигидир” номли китоби чоп этилгани ҳақида хабар берган эдик.
Китобхонлардан бири Азимжон Эргашев ушбу рисолани топиб ўқибди. Муаллифларга ўз миннатдорчилигини билдириш қаторида фикрларини йўллабди.
“Ассалому алайкум ҳурматли Муртазо Аҳмедович, Бакридин Зарипович!
“Истеъдодли инсонлар мамлакатнинг бебаҳо бойлигидир” - деб номланган асарларингни зўр қизиқиш билан ўқиб чиқдим ва ўзимда катта маънавий қониқишни ҳис этдим.
Инсоният тарихи дунёга буюк шахсларнинг келиши билан пайдо бўлади. Шу шахс туфайли кимдир яхши ном орттириб, кимдир “ёмон отлиқ” бўлиб ўтади. Дунёга буюк шахслар келмаган даврда кимнидир яхшилиги беҳисоб бўлса-да ёки кимдир қанчалик разил бўлмасин тарих саҳифаларига ёзилмайди. Худди ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в. туфайли чориёрлар, саҳобаикромлар, тобиенлар билан бир қаторда Абу Лаҳаб сингарилар эслангани каби.
Ли Куан Ю ҳам йўқ жойдан Сингапурни сайёрамизнинг энг зўр, илғор давлатларидан бирига айлантирган етакчи, буюк шахсдир. Унинг ҳаёт йўли дунёнинг истисносиз барча давлат раҳбарлари учун ибрат намунасидир.
Жаҳон давлатчилик тарихида 17 асрда яшаб ўтган Франциялик ҳуқуқшунос, ёзувчи ва файласуф Шарль Луи де Монтеськё демократик давлат бошқарувини назарий асосчиси ҳисобланади. Унинг фикрига кўра, фуқаронинг эркинлиги уни қонунларга бўйсунишидадир. Қонун ва қоидаларни бузмаган, унга итоат қилган шахсни ҳимоя қилган жамият – адолатли жамиятдир.
Ли Куан Ю ҳам давлатни бошқаришда қонун устуворлигини, адолатни бош, асосий мезон қилиб олганлигини кўрамиз. Албатта, адолат илоҳий ҳукм, усиз ҳеч қандай муваффақият ҳам, ривожланиш ҳам бўлмайди.
Ҳаммамизга маълумки, мукаммал қонунлар яратилгунга қадар жамият диний-шаръий қоидалари асосида бошқарилган. Худди шундай ҳазрат Амир Темур давриларида ҳам. Ривоят қилишларича, Соҳибқирон Амир Темур ўз пирларидан шариат илмидан ташқари инсон қалбини тарбиялайдиган тариқатдан ҳам таълим олгандан сўнг, барча иллат қалб нотозалигидан эканлигини англайди ва барчани шариатдан тариқатга ўтказиб муаммоларни ҳал этмоқчи бўлади. У кишининг пирлари эса, эл-улус буни қабул қила олмаслигини айтади. Шундан кейин эл-улусни ишонч ва қўрқув орасида ушлаганлигини ўз тузукларида баён қилган ва шу орқали бутун музофотида тартиб интизом ўрнатган.
Ли Куан Ю ҳам давлат бошқаришда худди шу йўлдан борганлиги қайд этилган ва мамлакатда тартиб интизом ўрнатган.
Умуман олганда китобни ўқиб жуда катта тассуротларга эга бўлдим.
Ли Куан Юнинг тутган йўлларини ҳозирги тезкор замонда қайта синовдан ўтказиб, фурсат йўқотмасидан тўғридан-тўғри фойдаланишга арзийди. Айниқса, молия банк тизимидаги ҳушёрлик ва аниқ ҳисоб китоблар иқтисодий масалаларда давлатни бошқаришда диққатга сазовордир.
Коррупция каби иллат ҳар қандай жамиятни ичдан емирадиган иллат эканлиги исбот талаб этилмайдиган ҳодиса ўлароқ барчага маълум нарса. Лекин унга қарши курашда Ли Куан Юнинг ўзи оила аъзолари билан юриш туришда, жамият аъзолари ичида ўзини тутишида барчага намуна бўлганлиги беқиёс аҳамият касб этади.
Ҳурматли Муртазо Аҳмедович, Бакридин Зарипович!
Сизлар томонингиздан яратилган асар аввалам бор давлат хизматида ишлаётган мансабдорлар учун амалий қўлланма бўлса, ёш етишиб келаётган раҳбар кадрлар учун ҳаёт дарси бўлиши билан аҳамиятлидир.
Сермаҳсул ижод ҳар доим ҳамроҳингиз бўлсин!
Сизларга чексиз ҳурмат билан Азимжон Эргашев".
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг