Кимлардир машҳурроқ бўлгандир, Ўзбекистон ютмади — Алишер Қодиров «UzAuto Motors» иши, бозордаги рақобат бўйича фикр билдирди
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров шахсий Telegram каналида «UzAuto Motors» томонидан нархларни асоссиз оширилишини тўхтатиш хусусида фикр билдирди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримовнинг айтишича, «UzAuto Motors» томонидан нархларни асоссиз оширилишини тўхтатишнинг битта йўли бор.
«Бу — бож тўловларни камайтириш. Импорт қилинувчи автомобилларга қўйиладиган бож тўловини пасайтириш керак. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди. Агар шу нарса ҳал бўлмаса, «UzAuto Motors» ишини ҳар йили кўриб чиқишимиз, судда ютишимиз ҳам мумкин. Бироқ бу натижа бермайди, бунинг давоси — бозорда рақобатни пайдо қилиш», — деди Каримов.
Қодировнинг фикрича, бошидан буён такрорланиб келаётган фикр айнан шу. «Йўналиш ҳам айнан шу: Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги орқали айнан шу рақобат муҳитини шакллантириш устида ишланмоқда, тайёргарлик кўрилмоқда. Шу фикрга келиш учун шунча шовқин, шунча популизм... Кимлардир машҳурроқ бўлгандир, Ўзбекистон ютмади», деб ёзди «Миллий тикланиш» партияси етакчиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг