Кичик саноат зоналарида қандай муаммолар учрамоқда?

18:07 04 Июнь 2020 Сиёсат
2208 0

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида иқтисодиёт тармоқлари ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг бир нечта фармон ва қарорлари қабул қилинди. Уларда иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини ва аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор преференция ва имтиёзлар бериш кўзда тутилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ва тизимли ташкил этишга кўмаклашяпти.

Фарғона вилояти 113-Тошлоқ сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Нодир Тилаволдиев тадбиркорлар ҳамда кичик саноат зоналари иштирокчилари билан учрашиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Ҳақиқатан ҳам бугунги шароитда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун барча зарур шароитларни яратиб бериш ҳар доимгидан жуда муҳим. Фарғона вилоятида Президентимизнинг жорий йил 19 мартда қабул қилинган «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида 37 минг 89 та, 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бўйича эса 22 минг 553 та тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар тақдим этилган.

Жойларда бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида ташкил этилган кичик саноат зоналарида истиқболли тадбиркорлик лойиҳаларини жойлаштириш ҳисобига янги иш ўринларини яратиш, импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айнан шунинг учун ҳам ҳудудлардаги иқтисодий фаоллик ва бандликни кенгайтириш мақсадида инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республикамиздаги кичик саноат зоналари инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция ва таъмирлаш учун 400 миллиард сўм маблағ ажратилган. Жумладан, Фарғона вилоятидаги кичик саноат зоналарига бу мақсадлар учун 39,2 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, мавжуд кичик саноат зоналари ва 11 та ҳудудда ташкил этиладиган 15 та кичик саноат зоналарига сарфланади. Бугунги кунда буюртмачи ташкилот – вилоят ягона буюртмачи инжиниринг компанияси томонидан мазкур маблағларни унумли сарфлаш ва зарурий лойиҳа сметалари, кичик саноат зоналари бош режаси ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, буюртма вазифаларини бажарувчи корхоналарни танлаш юзасидан тендер танловини ўтказиш каби биринчи галдаги вазифалар амалга оширилмоқда.

— Кичик саноат зонаси дирекцияси раҳбарияти ва иштирокчилари билан учрашувда уларни қийнаётган муаммолар борасида ҳам таклифлар билдирилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н. Тилаволдиев. – Хусусан, кичик саноат зоналарида бугунги кунда солиқ ва бошқа имтиёзлар жорий йилнинг 1 январида тўхталиши натижасида тадбиркорлик субъектларини кичик саноат зонасига қизиқишлари камайган. Кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган, инвестиция лойиҳасини амалга ошираётган тадбиркорлар учун электр энергия ҳамда табиий газ учун тўловларини юз фоиз олдиндан тўлаш ўрнига қисман бўлиб тўлашга рухсат бериш ва истеъмол қилинган ой учун тўловлар кечиккан ҳолларда ўн кун муддатгача жарима қўлламасликни таклиф этмоқда. Албатта бу масалалар уларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Пандемия даврида вилоятдаги тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш корхоналарида фаолиятни тўла қувватда ташкил этиш, белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш борасида саъй-ҳаракатлар кўзга ташланяпти. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер