«Кичик Чимён тоғи»да ёнғин содир бўлди
Ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқ тумани «Бурчимулла ўрмон хўжалиги»га қарашли «Кичик Чимён тоғи»да ёнғин содир бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот берди.
Унда айтилишича, кеча, 10 июнь куни соат 19:32 да Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани «Бурчимулла ўрмон хўжалиги»га қарашли «Кичик Чимён тоғи»да қуруқ ўт ва шох-шаббалар ёниб кетган. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ФВБга амалий ёрдам зарурлиги тўғрисида мурожаат келиб тушган.
Мурожаатга асосан, ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 19:38 да етиб бориб, соат 19:55 да ёнғин ўраб олинган ва соат 20:25 да тўлиқ ўчирилган.
Вазирлик берган маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида дам олиш масканлари ва аҳоли яшаш хонадонларига зарар етмаган.
«Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. Ҳолат оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ» — дейилади ФВВ хабарида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг