Хотин-қизларга «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратилади

07:57 05 Май 2022 Жамият
1708 0

Фото: Иллюстратив фото

Қонунчиликка кўра, хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича – 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича – 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратиб борилади.

Шунингдек, хотин-қизларга таълим олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:

а) олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари йўналтирилади;

б) давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилади;

в) ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда — Қўмита) тавсияларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан жами 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб борилади;

г) мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Қўмита тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилади;

д) давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб борилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер