Хўрозқанд Ўзбекистонники бўлсин!

13:06 16 Октябр 2020 Жамият
1777 0

Иллюстратив фото

Нима десангиз денг, одамнинг ўз тилига муносабати унинг маънавиятини белгилайди! Миллат бирлиги ва якдиллигининг тимсоли ҳам – шу тил. Миллатнинг миллат бўлишида айни мана шу ҳақиқатга мос ҳаракат ётади, аслида.

Бизда 130 дан ортиқ миллат ва элат яшаса-да, уларни тилимизни ўрганиб, ундан фойдаланиши миллатимизнинг маънавий ютуғи дегани.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида белгиланган бир қатор ташаббуслар ҳукумат томонидан маъқулланиб, амалиётга татбиқ этилаётганини эътироф этадиганлар кўп. Масалан, шу йилнинг 10 апрель санасида Президентимиз томонидан «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун имзоланиши ҳам бизнинг ташаббусимиз ила! Шунингдек, бугун хориждаги олий ўқув юртларида таълим олаётган ёшларимиз учун ўзбек тили дарси бўйича алоҳида соатлар ажратилишида хам партия ҳиссаси катта.
Аммо ўзбек тилидаги маълумотлар базасини кенгайтириш, хорижий тиллардаги илмий-амалий ва касбга оид китобларни ўзбек тилига таржима қилиш амалиётини кўпайтириш, Ўзбекистондан ташқарида истиқомат қилаётган ватандошларимиз, уларнинг ўзбек тили ва маданиятига бўлган ҳаётий эҳтиёжларини ошириш ёки қондириш, миллий ва халқаро анжуманларда ўзбек тилида маърузалар қилиш амалиётини йўлга қўйиш масалалари биргина партия гарданида эмаслигини кўпчилик тушунса керак.

Яқинда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Шавкат Мирзиёевнинг тарихда биринчи марта ушбу минбарда ўзбек тилида нутқ сўзлагани ҳар биримизнинг қалбимизда ўзгача ғурур уйғотгани рост-ку, тўғрими?

Она тилимизга давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди, мана. Аммо афсуски, тилимизни бузиб ишлатиш, кўчалар, пештоқлардаги реклама воситалари ёзувларига ҳамон беэътибор тарзда, панжа ортидан қараётганимиз ҳам ҳақиқат! Унинг хатоликларини тўғрилашга реклама берувчи, ўрнатувчи ҳам масъул эмасми, дегимиз келадию… Афсуски, орамизда ҳанузгача юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини, чунончи, тилимиз – ўзлигимиз эканини тушунмаётганлар «қоплаб» топилади.

Қонун бор, моддалар белгиланган. Бироқ, нега уларнинг ижросини таъминлашга қийналяпмиз? Нега «қийналяпмиз» деяпмиз? Чунки, «Миллий тикланиш» тил бўйича «бошқалар»нинг масъулиятсизлиги, хатоси ё камчилигини юзига қараб танқид қилгандан кўра, «Қўлингни бер, бирга курашамиз»ни устун билади! Зотан, шу масалада бирдам бўлиб курашмасак, ўзлигимизни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

Аксарият давлат ҳужжатлари қуйи ташкилотларга рус тилида келяпти экан, демак, курашишни «тепадан» бошлаб, ҳужжатларнинг ўзбек тилида ёзилишини таъминлаш зарур экан-да?! Яна, чала ёзувдаги луғатларни қайта кўриб чиқишни ҳам мақсадга мувофиқ деб биламиз. Бу борада ҳам партиямиз ташаббус кўрсатиб, жорий йил ўзбек тили изоҳли луғатининг беш томли янги нашри тақдимотини ўтказишга эришди.

Шу ўринда Ўзбекистон Халқ таълими вазирини тилга олсак!

Бир қанча муддат илгари вазир рус ва инглиз тилларини янада такомиллаштириш она тили, тарих фанларининг қисқартирилиши ҳисобига амалга оширилиши керак, деган маънодаги фикрни айтган эди, эсласангиз. Очиғи, вазир жанобларининг бу гапи «емаса» керак деган ўйда эдим. Лекин куни кеча Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов АҚШнинг USAID ва Россиянинг Маориф вазирлиги (вазир ўринбосари Дмитрий Глушко) билан келишувлар имзолаши юқоридаги «енгил таклиф»нинг ҳаётга келишини таъминлаб қўйди-ёв!

Тўғри, тил билган эл билар, лекин, аммо, бироқ Она тилимиз даражасини эплаб кўтаролмаётган бир вазиятимизда бу хорижий тиллар тарғиботини «кийдириб» қўйиш қанчалик маъқул?! Биласизми, узоқ-яқин тарихимизда дарвешларнинг нолишида шундай сўзлар учраган: «Лакалум-лум, лакалум-лум, кимга маълум, кимга номаълум…».
Кўплаб ота-оналарнинг мақсадларини тушунгим келадию, аммо яна жаҳлим чиқади. «Қўйингни сот, молингни сот, лекин фарзандингни рус мактабига бер», замирида иш қилишмоқда, ҳозир. Русчани билиб ўсса, эртага яхши бўлади, ўзбекчани шундоқ ҳам билиб олади, деган нотўғри овунчи кун келиб, ўша ота, ўша онанинг ўзига «тарсаки» бўлиб, боласидан қайтмасайди.

Баъзи ёшларимиздаги ачинарли ҳолат эса, ўзбек-ку аммо ўзаро рус тилида муомалада бўлишади ва буни замонавийликка йўйишади.
Партиямиз етакчиси А.Қодиров фикрини улашсам. – «Тил ўргатамиз деб ёшларимизни бой бериб қўймаймизми? Менимча, 1-5 синфларда она тили, адабиёт, тарих ва тарбия фанларига мутлақо устунлик бериш, хорижий тилларни иккиламчи ўргатиш, 6-синфдан бошлаб эса хорижий тилларга устуворлик бериш тўғри йўл бўлади. Бизнинг асосий мақсадимиз хорижий тилларни биладиган болаларни тарбиялаш эмас, давлатимиз ва миллатимизни ривожлантирадиган авлодни тарбиялаш бўлиши керак. Улар албатта, бир нечта хорижий тилларни яхши биладиган бўлишади».

Ватанини, тилини қадрловчи ва бошқа юртдошларим! Янгиланиб бораётган Ўзбекистонда ҳамма нарсани ўз номи билан айтиш вақти келганини Президентимиз бот-бот таъкидлаётгани бежиз эмас. Бўлаётган ўзгаришлар, ўзгаришларимиз ҳам ўзидан-ўзи бўлмаяпти. Бунинг моҳиятини, берадиган натижасини кўрайлик, кўра билайлик ахир! Биз эртанги тақдиримиз ўзимизнинг қўлимизда бўлиши учун ҳам бугун ҳа, бугун узоқни кўра билайлик, кўзни каттароқ очайлик, фидойи бўлайлик, ватанпарвар бўлайлик!

Аброр ХУСАИНОВ,

ЎзМТДП Фарғона вилояти кенгаши матбуот котиби

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер