Хориждан юборилган пулни пластик картага ўтказиб олиш тавсия қилинди. Нега?

22:31 04 Апрель 2020 Жамият
1315 0

Ижтимоий тармоқларда тарқалган банклар ёпилиши ва номаълум муддатга фаолиятини тўхтатиши ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқатдан узоқ, деб маълум қилди Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Обидов.

Ўзбекистонда банклар ва уларнинг филиаллари одатдаги тартибда ишламоқда, фақатгина банк биносидан ташқарида жойлашган банк кассалари ва валюта айирбошлаш шохобчалари фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Обидов 4 апрель кунги брифингда шу ҳақда маълумот берди.

“Бугунги кунда банк филиаллари одатдаги тартибда фаолият юритиб келмоқда. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда ижтимоий масофаланишни таъминлаш мақсадида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатига таъсир қилмаган ҳолда банк биносидан ташқарида жойлашган банк кассалари ва валюта айирбошлаш шохобчалари фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

Бунда фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган хизматларни кўрсатувчи ташкилотлар ва божхона-чегара ҳудудида жойлашган банк инфратузилмаси ҳамда аҳолига пенсия тарқатиш мақсадида ташкил этилган сайёр кассалар бундан мустасно.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, фаолияти вақтинчалик тўхтатилган банк кассалари ва валюта айирбошлаш шохобчалари банк тизимидаги мижозларга хизмат кўрсатувчи инфратузилманинг 30 фоизини ташкил этади холос. Яъни асосий инфратузилма одатдаги тартибда фаолият юритмоқда”, дея Ҳусанхўжа Обидовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Марказий банк вакилига кўра, бугунги кунда валюта айирбошлаш операциялари устувор равишда автоматлаштирилган, яъни 27/7 режимида валюта айирбошлаш банкоматлари орқали амалга ошириб келинмоқда.

Ҳозирги вақтда ҳудудларда жами 700та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкомати ишлаб турибди, тез орада яна 300 та шундай банкоматлар ўрнатилиши таъминланади.

“Банкларнинг мобил иловалари орқали ҳам валюталарни айирбошлаш мумкин.

Бундан ташқари, мижозлар уйдан туриб мобиль телефонлари ёрдамида халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш имкониятига эга. Масалан, фуқароларимизга хориждан яқинлари пул юборган бўлса, ушбу пулни банкларнинг мобил иловалари орқали тўғридан-тўғри пластик карталарига ўтказиб олишлари ҳам мумкин”, дейди Ҳусанхўжа Обидов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер