Хоразмнинг сайёҳлик салоҳияти халқаро туризм ярмаркасида эътироф этилди

12:05 28 Январь 2025 Жамият
266 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Хоразм вилоятининг туризм, маданият соҳаси вакиллари ва ҳунармандлардан иборат делегацияси Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган “FITUR” халқаро туризм ярмаркасида муваффақиятли иштирок этди. Тадбир давомида Каталония туризм агентлиги, Европа сайёҳлик комиссияси, Хитой ва Европанинг бошқа йирик сайёҳлик ташкилотлари вакиллари билан учрашиб, туристлар оқимини ошириш, тарғибот тадбирларини ташкил қилиш бўйича келишувларга эришди.

— Бутунжаҳон Туризм ташкилоти ва бошқа халқаро сайёҳлик компаниялари вакиллари “Ўзбекистон” миллий стендига ташриф буюриб, юртимизнинг туризм салоҳияти билан яқиндан танишди, жумладан, Хоразм вилоятининг бу соҳадаги имкониятларига юқори баҳо берди, — дейди Хоразм вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Саидов. — Вилоятда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган янги лойиҳалар, ўтказилаётган халқаро фестиваллар сайёҳлар оқимининг ошишига имкон бермоқда.

Маълумот учун, “FITUR” Мадриддаги “Ifema” кўргазмалар марказида мунтазам равишда ўтказиладиган халқаро туризм кўргазмасидир. Кўргазмада ҳар йили туризм соҳасининг барча йўналишлари вакиллари: туроператорлар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, ташувчилар, туризм бўйича турли компаниялар иштирок этади. Ўзбекистон “FITUR” халқаро кўргазмасида 2005 йилдан бери қатнашиб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер