Хоразмда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд йирик газ-кимё мажмуаси барпо этилади
Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Йиғилишда кеча Президент хорижий инвесторлар билан учрашиб, уларни 700 миллион долларлик лойиҳалари билан танишди. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорларнинг ҳам 200 миллион доллар инвестиция киритиш таклифлари кўриб чиқилгани қайд этилди.
Таъкидландики, саноат учун аввало барқарор энергия манбалари зарур.
Бошқа вилоятлардаги каби Хоразмда ҳам кеча Франциянинг машҳур “Вольталиа” компанияси билан ҳамкорликда илк бор 100 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди.
Президентимиз йиғилганларга яна бир муҳим хабарни маълум қилди.
Хоразмда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд йирик газ-кимё мажмуаси лойиҳасини барпо қилиш бўйича дунёнинг шу соҳада энг илғор компаниялари билан музокара бошлангани таъкидланди.
Бу лойиҳа ишга тушса, 3 мингта иш ўрни яратилади, йилига 2,4 миллион тонна юқори қўшилган қийматли полимерлар ишлаб чиқарилади. Бу нафақат Хоразм учун, балки республикамиз саноатининг флагмани бўлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг