Хоразмда Касаба уюшмалари куни муносабати билан ўтказилган танлов ғолиблари тақдирланди
Фото: “Халқ сўзи”
Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари ҳаётида туб бурилишлар ва ҳаётбахш ўзгаришлар юз берди. Аввало, “Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ушбу жамоат ташкилоти фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга ва ваколатларини янада кенгайтириш имкониятини яратмоқда. Президентимизнинг таклифи билан инсон қадри ва унинг шаънини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида 11 ноябрь — “Касаба уюшмалари куни” этиб белгиланди.
Ўзининг бой тажриба мактаби, шонли анъаналарига эга бўлган Касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти Кенгаши ҳам меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимояси, инсон манфаатларини таъминлаш йўлида кенг кўламдаги ишларни амалга ошириб келмоқда.

— Ҳозирги кунда вилоятимизда касаба уюшмалари тизимида 2 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатмоқда ва турли соҳаларда меҳнат қилаётган 320 минг нафардан зиёд аъзоларни ўз сафларида бирлаштирган, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева. — Касаба уюшма ташкилотлари томонидан ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш ва мароқли дам олдириш, болалар оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан 89 нафар ишчи-хизматчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 380 млн. сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди, меҳнат муҳофазаси бўйича 30 та корхона ва ташкилотдаги ходимларнинг ҳаёти ва меҳнати учун хавф туғдириши мумкин бўлган 200 дан зиёд камчиликлар бартараф этилди.
Бундан ташқари вилоятда ёз мавсумида 11 минг нафардан зиёд болаларнинг оромгоҳларда дам олишлари ташкил этилди, 2600 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзолари тизимга қарашли сиҳатгоҳларда имтиёзли тарзда соғломлаштирилди. Ички туризм йўналишида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида 18 минг нафардан ортиқ касаба уюшма аъзоларининг тарихий шаҳарларга саёҳатлари уюштирилди.
Касаба уюшмалари “Аёллар дафтари” тизими орқали 55 минг нафар хотин-қизнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда алоҳида ташаббус ва жонбозлик кўрсатмоқда. Бу борада Федерация қошида ташкил этилган “Ишонч телефони”га хотин-қизлар томонидан келиб тушган мурожаатлар тезкор ўрганилиб, муаммоларга оқилона ечим топилаётгани ҳам шундан дарак беради. Кооперация усулидаги тадбиркорлик тажрибасини оммалаштириш бўйича ишга туширилган 46 та лойиҳа орқали 14 минг нафардан ортиқ аҳоли, жумладан, 12 минг нафарга яқин аёллар иш билан таъминланди.
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан вилоятда ўтказилган байрам тадбирида эришилган муваффақиятлар яна бир бор эътироф этилиб, бир гуруҳ касаба уюшма фаоллари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган танловнинг “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши хотин қизлар фаоли”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши профилактика инспектори”, “Энг яхши ҳамшира” номинациялари ғолибларига вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи ва байрам совғаларини топширилди.
Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг