Хоразмда 71 ёшли эркак 51 яшар ўғлини отиб ўлдирди
Иллюстратив фото
Жорий йилнинг 19 февраль куни Хоразм вилояти Янгиариқ туманида 71 ёшли ота 51 яшар ўғлини ов милтиғи билан отиб ўлдирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла аҳли иштирокида ўтказилган йиғилишда мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари муҳокама этилган.
Янгиариқ туман прокурорининг маълум қилишича, туманнинг Янгиариқ маҳалласида яшовчи 1954 йилда туғилган шахс, оилавий келишмовчилик сабаб 1974 йилда туғилган ўғлини уйида сақлаб келаётган ов қуроли билан қасддан отиб ўлдирган. Шундан сўнг келини ва неварасига ҳам ўқ узиб, оғир жароҳат етказган.
Ушбу жиноят тергов-тезкор гуруҳи томонидан фош этилиб, гумонланувчи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирги вақтда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими ушбу жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар дастлабки тергов ва суд органлари томонидан батафсил ўрганилиши, жиноятларнинг олдини олишга масъул бўлган шахслар ҳамда қотиллик содир этилган маҳалла еттилиги фаолиятига ҳам танқидий нуқтаи назардан баҳо берилишини айтиб ўтди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг