Хитойлик мутахассислар Ёзёвон тумани аҳолисининг турмуш шароитини яқиндан ўрганмоқда

15:28 01 Март 2023 Жамият
640 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, шу йилнинг январь ойида Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари Ма Чжао Сюй ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев ўртасида бўлиб ўтган учрашувда камбағалликни қисқартириш дастурлари борасида мамлакатимизга хитойлик мутахассисларни маслаҳатчи сифатида жалб этишга келишиб олинганди.

Айни кунларда юртимизда бўлиб турган хитойлик икки нафар тажрибали олим-мутахассис томонидан Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 декабрдаги «Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра, 2023 йил 1 январидан бошлаб, Ўзбекистондаги барча — 208 та туман ва шаҳар иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб 5 та тоифага ажратилди. Тоифага қараб бу туманларга солиқ имтиёзлари, субсидия ажратиш тартиби ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.

Ёзёвон тумани эса кўрсатилган мезонларга асосан бешинчи тоифага киритилган бўлиб, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш кун тартибидаги муҳим масалага айланган.

Хитойлик мутахассислар камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Жамшид Абруев ҳамроҳлигида туманнинг «Сойёни» МФЙда Акбарали Каримов хонадонида ташкил этилган лимончилик ва асаларичилик мактаби фаолияти билан танишди ҳамда оила даромади манбалари билан қизиқди.

Таъкидлаш ўринлики, ушбу маҳаллада деярли барча хонадонларда лимон етиштирилади. Шу маҳаллада яшовчи Имямин Жалилов томонидан 30 миллион сўм банк кредити эвазига қурилган иссиқхонада бўлган меҳмонлар ушбу оила ердан унумли фойдаланаётганини эътироф этишди. Шунингдек, хитойлик мутахассислар Машрабжон Жўраев, Исмоилжон Абдураҳмонов хонадонларида ҳам бўлиб, уларнинг турмуш тарзи ва даромадларини ўрганишди.

«Тошҳовуз» МФЙда жойлашган “FAR YOZ INNOVASTIYA” МЧЖда барпо этилган иссиқхоналарда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун кам таъминланган оилаларга ижара шартномаси асосида 15-20 сотихдан ер берилган. Ҳозирда мазкур иссиқхоналарга экспортбоп аччиқ қалампир кўчатлари экиляпти.

— Уч юз нафар ижарачилар учун қалампир кўчати тўлиқ шу ернинг ўзида етиштириб берилади, — дейди Ёзёвон тумани ҳокими Дилшоджон Жалилов. — Шу тариқа кўчат етиштиришдан тортиб, сотишгача бўлган барча жараён қамраб олинган. Айтганча, 2022 йили Фарғона республикада хорижга энг кўп қалампир экспорт қилган вилоят бўлди. Туманда ушбу тармоқни ривожлантиришга бежизга жиддий эътибор қаратилаётгани йўқ. Шуниси аниқки, хитойлик мутахассислар кўмагида Ёзёвон туманини бешинчи тоифадан чиқариш йўлида астойдил изланиш ишларини олиб борамиз. Аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини юксалтиришда фаол ҳамкорлигимиз кутилган самарани беради, албатта.

 

Ботир Мадиёров,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер