Хитойдан 6193 та бодикамера харид қилинди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматидаги ислоҳотлар ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг ўтган 11 ойида 2018 йилнинг шу даврига нисбатан республика бўйича содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари 11,9, уларда ҳалок бўлганлар сони 11,6 ҳамда жароҳатланганлар сони эса 13,7 фоизга камайган. Бундай натижаларга тизимда амалга оширилаётган янгича ислоҳотлар ҳамда жорий этилаётган замонавий технологиялар туфайли эришилмоқда.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Низомига кўра, 2019 йилнинг 1 июлдан бошлаб ЙПХ ходими хизмат вазифасини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши ва бу ҳақда йўл ҳаракати иштирокчисини огоҳлантириши белгиланган. Бироқ мобиль видеокамераларни олиб келиш ва жорий этиш бўйича айрим техник сабаблар ушбу муддат 2020 йил 1 январга кўчирилди.
Мобиль камерадан фойдаланган ҳолда хизмат олиб бориш, ходимнинг олдига қўйилган вазифаларни бажаришда шаффофликни таъминлайди ҳамда ҳайдовчи ва ходим ўртасидаги турли баҳсли ҳолатларнинг олдини олади.
Бугунги кунгача Хитой Халқ Республикасининг “Хайтера” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 6193 та бодикамера харид қилинган. ЙПХ ва ППХ ходимлари ушбу мосламалар ёрдамида хизмат вазифаларини олиб боришади.
— Албатта, ходимларнинг амалий кўникмасини ошириш, фуқаролар билан рисоладагидек хизмат мулоқотини олиб бориш энг муҳим масалалардан бири, — дейди ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромов. — Яқин вақт ичида ЙПХ ва ППХ ходимлари бутунлай аттестациядан ўтказилади. Қолаверса, уларнинг бадиий китобларни мутолаа қилиши шарт бўлади. Ахир, бадиий адабиёт ўқиган инсоннинг тафаккури кучли, фикрлаш доираси кенг бўлади. Одамлар билан юқори савияда мулоқот қила олади.
Анжуманда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги, Патурл-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш Бош бошқармалари мутасаддилари ОАВ вакиллари саволларига жавоблар қайтарди.
Дилмурод СОДИҚОВ
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг