«Халқлар дўстлиги» номи тўлиқ қайтарилади

20:00 27 Апрель 2018 Жамият
4974 0

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, пойтахтимизда бир вақтлар “Халқлар дўстлиги” деб номланган метро бекати, санъат саройи ва кенг майдонга шу атама, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага эса Шомаҳмудовлар номи қайтарилади.

Уруш йилларида Украина, Беларусь ҳамда Россиядан турли миллатга мансуб 1 миллион нафардан ортиқ аҳоли, шу жумладан, 200 минг нафар ёш болалар Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Халқимиз уларга меҳр бериб, бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаган. Айниқса, жуда кўп ўзбек оилалари етим болаларни ўзига фарзанд қилиб олиб, тарбиялаган. Ана шулардан бири — 14 нафар етим болани ўз тарбиясига олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов хонадонидир.
Президент Матбуот хизмати томонидан кеча тақдим этилган видеолавҳада Юртбошимизнинг бу борадаги фикри келтирилган.

“Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтгани сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда.

Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини абадийлаштириш учун, Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган, “Халқлар дўстлиги” деб номланган ёдгорлик ансамблини пойтахтимиз марказидаги майдонга қайтарсак, адолатли бўлади”, дея таъкидлаган Президентимиз.
О. ЛУТФУЛЛАЕВ тайёрлади.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер