Халқимиз кутган муҳим ҳужжат
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, очиғини айтганда, ердан фойдаланиш билан боғлиқ манзарани кескин ўзгартирадиган, ҳозирги аянчли вазиятни изга соладиган ҳужжатдир.
Фармон матни билан тўлиқ танишиб чиқиб, у кейинги йилларда қабул қилинган энг муҳим, инқилобий ҳужжатлардан бири эканини кўриш мумкин. Эндиликда, ер олди-сотдиси, давлат ва хусусий секторнинг бу жараёндаги иштирокида, қандайдир кўзга кўринмас ричаглар эмас, очиқ бозор иқтисодиёти ричаглари ишлайди.
Сир эмаски, очиқлик сиёсати таъсирида, кейинги йилларда жамият уйғонди. Жамоатчилик назоратининг институтлари фаоллашди, халқ ўз мулкини асраб-авайлаш, оғриқли нуқталар ҳақида эркин фикр билдириш имконига эга бўлди. Давлат раҳбарининг бу фармони ҳам ўша очиқлик сиёсати, халқ билан мулоқот жараёнининг меваси, дейиш мумкин.
Ҳокимият тизимида маълум вақт масъул вазифада ишлаган одам сифатида, ҳужжатнинг реал ҳаётий аҳамиятини, қаерда ва қандай тартибда коррупцион ҳолатларнинг олди олинаётганини яхши тушунаман. Масалан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказишга оид ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилиниши ортида қандай «ўйин»ларга барҳам берилаётганини тушуниш учун амалиётга бир назар ташлашнинг ўзи кифоя. Шундай жойлар борки, туман ҳокимининг қарори билан ҳужжатда суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказилган, амалда эса яшнаб ётган дала, сувли майдон... Эндиликда бундай кўзбўямачилик ва давлатни алдаш, хўжасизликка барҳам бериляпти.
Умуман, фармоннинг мазмун-моҳияти ер қонунчилиги соҳасида тубдан янги давр бошланаётганини англатади. Масалан, ерни бозор активига айлантириш натижасида, мулкдорда юзага келаётган ҳуқуқлар алоҳида мавзу. Эндиликда ҳатто ижарага олинган ердан фойдаланиш даври ҳам қиймат сифатида эътироф этилади ва у, дейлик, банк кредити олишда гаров сифатида ҳисобга ўтиши мумкин.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг мазкур ҳаётбахш фармони биз Қонунчилик палатаси депутатлари учун ҳам, қонун ижодкорлиги соҳасида, янги уфқларни кўрсатмоқда. Эндиликда, ер муносабатларига доир миллий қонунчилик базаси халқимиз, келажак авлод манфаатлари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилади ва баҳо берилади.
Фармонда кўрсатиб ўтилганидек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади ва уни муҳокама қилиб, халқимизга манзур бўладиган тугал ҳужжат сифатида қабул қилиш ишлари олдимизда турган энг муҳим вазифадир.
Одилжон ТОЖИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг