“Халқ сўзи”га ҳавас
Барча соҳаларда бўлгани каби журналистикада ҳам илғор тажрибаларни ўрганиш, амалиётда қўллашнинг аҳамияти катта, албатта. Шахсан менда “Халқ сўзи”,газетасига ихлос кучли. Материаллари пухта-пишиқлиги, ранг-баранглиги,ўқимишлилиги, дизайни ўзига хослиги ёқади.
2001 йили туман ҳокимлигининг газетасига муҳаррир этиб тайинланганимдан буён“Халқ сўзи”нинг ҳақиқий мухлисига айланганман. Ундан кўп нарсани ўрганишга, фаолиятимда қўллашга интиляпманки, натижалар чакки эмас. Халқаро ва республика миқёсидаги ижодий танловларда кўп бор ғолибликка эришдик. Туманимиз кичик бўлса-да, газетамиз адади 10 минг нусхагача етди.
Республикамиз бош нашридан андоза олиб, “Дунё ва давр”, “Маънавият ва маърифат”, “Ижтимоий-иқтисодий ҳаёт”, “Инсон ва қонун”, “Китоб ва китобхонлик”, “Тафаккур гулшани” деб номланган доимий саҳифалар ташкил этганмиз. Материаллар географиясига, жанрларига, мавзуларнинг аҳамиятлилигига, қизиқарли ҳамда таъсирчанлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Неча йилдирки, А-3 форматда чоп этиб келинаётган газетамизни “Халқ сўзи” сингари катта ҳажмда ва рангли чоп этиш устида бош қотирардим. 2019 йилдан рўёбга чиқди орзуим. Буни барча ўқувчиларимиз ҳамда вилоятимиздаги ҳамкасбларимиз мамнуният билан қабул қилдилар. “Ҳавас қилсанг, етасан”, деганлари шу бўлса керак-да.
Қосимжон АКБАРОВ, “Мингбулоқ” газетаси муҳаррири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг