Халқ қабулхоналари: одамлар билан давлат ўртасидаги кўприк
Оммавий сайёр қабуллар. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу тизимнинг самарали йўлга қўйилиши туфайли одамлар давлат идораларидан, умуман, бугунги ислоҳотлардан рози бўла бошлади.
Нега? Сабаби оммавий сайёр қабулларнинг нафақат шаҳар марказларида, балки республикамизнинг чекка ва олис ҳудудларида ҳам ташкил этилаётгани халқ билан давлат ўртасида том маънода кўприк вазифасини ўтамоқда.
Тан олиш керак, авваллари битта муаммони ҳал этиш учун ойлаб, йиллаб вақт, боз устига, харажат кетарди. Раҳбарларни топиш, учрашиш, юзма-юз гаплашишни-ку гапирмасаям бўлади. Орзу эди холос.
Бугун-чи? Бугун кимнинг муаммоси бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналарига мурожаат қилиб, унга ечим топаётганлар жуда кўп.
Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳақида гап кетганда, жойларда мунтазам равишда ўтказиб келинаётган сайёр қабулларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш ўринли, албатта. Боиси бунинг ҳам ўзига яраша фақат ижобий ва афзал томонлари кўп. Биринчидан, фуқаролар ўз ҳудудида ташкил этилган оммавий қабулларга бориб қатнашиши учун қулай бўлса, иккинчидан, ортиқча сарф-харажатлардан ҳам холи бўлади. Яна бир қатор афзалликларини санаш мумкин.
Сайёр қабулларда аҳоли бир вақтнинг ўзида турли масалалари бўйича ўзига тегишли мутасадди-раҳбарлар билан бевосита мулоқотга киришиб, ишини ҳал қилиши ҳам мумкин. Шундай бўляпти ҳам. Бу эса одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда.
Фикримизни яқинда Тошкент шаҳрида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабул ўтказилгани ҳақидаги мисоллар билан бошласак. Қабуллар давомида 2242 нафар фуқаролардан жами 2 297 та масала бўйича мурожаатлар келиб тушди. Улардан 1051 таси, яъни 45,8 фоизи ижобий ҳал қилинган бўлса, 446 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, 606 та мурожаат ижро учун назоратга олинди.
Мурожаатларни соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, 300 тага яқини Президент Администрацияси, 54 таси Судьялар олий кенгаши, 742 таси Олий суд, 222 таси Бош прокуратура, 200 тага яқин Ички ишлар вазирлиги, 100 тага яқини Адлия вазирлиги, 20 тадан зиёди Божхона қўмитаси ва 600 тадан ортиғи Тошкент шаҳар ҳамда туман ҳокимликларига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди мутасаддилари қабул жараёнида одамлар билан мулоқотга киришиб, муаммоларни ҳал этиш чораларини кўришди. Фуқароларнинг оғзаки мурожаати ҳам, ёзма мурожаатлари ҳам жиддий кўриб чиқилди. Мурожаатчилардан 224 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 364 таси жойида ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди. Бу ана шунча одамнинг ҳаётида катта ўзгариш ясади, дегани.
Эътиборлиси, мурожаатлар чуқур ўрганилиб, адолатли қарор чиқарилди. Хусусан, жами 93 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди. 9 нафар шахсга оид жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди. Икки нафар шахсга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан фуқарони муомалага лаёқатсиз, деб топиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилди. Тарафлар ярашганлиги сабабли 10 та алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғи бекор қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилгани эса айни муддао бўлди. Натижада 60 нафар вояга етмаган фарзанди бор 29 та оила яраштирилди.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётибди. Қаранг, буларнинг барчаси оммавий қабулларнинг нақадар зарур эканини билдиради.
Бош прокуратура томонидан амалга оширилган ишлар ҳам қувонарли, албатта. Бўлиб ўтган сайёр қабуллар давомида аҳолидан келиб тушган мурожаатларни жойида ҳал этиш борасида аниқ ва тезкор чоралар кўрилди.
Хусусан, қабул жараёнида келиб тушган 222 та мурожаатларнинг 51 таси қаноатлантирилди, 54 таси бўйича қонун талаблари бўйича тушунтириш берилди, муддат талаб қиладиган 108 та мурожаатларни ҳал қилиш юзасидан тегишли идора ва ташкилот раҳбарларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Оммавий сайёр қабулларда мурожаатчиларнинг аксарияти муаммоларига ечим топганидан хурсанд бўлдилар.
Масалан, пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманида «аёллар дафтари»га киритилган бир фуқаро муқим иш билан таъминланишида амалий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаати шу жойининг ўзида қаноатлантирилди. Туман фавқулодда вазиятлар бўлимига иш юритувчи лавозимига ишга қабул қилинди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари ҳам ўз фаолият йўналишлари бўйича фуқароларни қабул қилиб, масалалар ечимига эътибор қаратди.
Қабул жараёнида муаммоларнинг 69 таси жойида ижобий ҳал этилгани қувонарли ҳолдир. Ўтказилган қабул натижаларига кўра, бевосита ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ амалга оширилган ишлар рақамларда таҳлил қилинганда, 59 нафар шахсни муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш бўйича судларга тақдимнома киритилиб, жазодан озод этилди. Бир нафар фуқарога ҳимоя ордери берилди.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқилиб, масалалари ижобий ҳал этилганлиги учун фуқаролар ўзларининг миннатдорликларини ҳам билдиришди.
Туман ҳокимлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсак. Янги ҳаёт тумани Чортоқ МФЙда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлиги бор фуқаро Рустем Аблиялилов ногиронлик аравачаси билан таъминланди. Яна бир нечта янгиҳаётликлар муаммолари ижобий ечим топди.
Яна бир муҳим идора — Адлия вазирлиги мутасаддилари ҳам қабулга келган фуқароларни тегишлилиги бўйича қабул қилиб, ҳар бирини имконият даражасида қаноатлантириш чораларини кўришди. Бунга амалга оширилган ишлар ҳам гувоҳлик беради, дейиш мумкин.
Ўтказилган қабуллар давомида 150 та фуқародан жами 96 та масала бўйича мурожаатлар қабул қилиниб, 40 таси ижобий ҳал қилинди. 7 тасига жойида ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот берилган бўлса, 8 тасига тушунтириш берилди ва 41 та мурожаат ижро учун назоратга олинди.
Давлат божхона қўмитаси ҳам ўз фаолият йўналишлари асосида фуқаролар мурожаатларини қаноатлантириш пайидан бўлишди. Жумладан, сайёр қабул давомида фуқаро Мурод Насриддинов мурожаати асосида фарзандига компьютерни ўргатиш мақсадида муқаддам фойдаланилган компьютер ажратилди.
Юқорида келтирилган рақам ва мисоллар шунчаки статистика эмас. Зеро, уларда инсон тақдири ва келажакка умид билан боқиш, фаровон ҳаётда бахтли яшаш каби эзгу мақсад ҳамда ниятлар мужассам. Оммавий қабуллар ана шундай йиллар давомида ушалмай келаётган орзулар рўёбига хизмат қилаётир. Бундан кутилган мақсад ҳам аслида шу эди.
Т. МУЛЛАЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг