Кексалар сабоғи — ҳаёт мактаби

17:13 30 Сентябр 2024 Жамият
408 0

Абдусаттор Содиқов/“Халқ сўзи”. Зомин туманидаги “Найман” тантаналар мажмуасида “Нуронийлар ёшларимизнинг маънавий устози” мавзусида уч авлод учрашуви ўтказилди.

Тадбир аввалида турли соҳаларда ўзининг фидоий меҳнати билан мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшган марҳум инсонларни ёдга олувчи видеолавҳа намойиш этилди. Уч авлод учрашувида халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳозир ҳам иш фаолиятини давом эттираётган нуронийлар иштирок этди.

— Бугун илм-фан ривожига қўшаётган ҳиссаларимда кекса авлод вакиллари, тажрибали педагогларнинг хизматини алоҳида эътироф этмоқчиман, — дейди учрашув қатнашувчиси Самарқанд давлат архитектура институти профессори, академик Ўктам Ўсаров. — Мен таҳсил олган 1-мактабда Босим Хўжамқулов, Шукрулла Файзуллаев каби устозлар ўзининг бой тажрибаси ва педагогик маҳорати билан илм-фанга иштиёқ ва ҳавас уйғотганлигини қайта-қайта такрорлайман. Уларнинг тажрибаларини олий ўқув юртида талабаларга сабоқ беришда фойдаланиб келмоқдаман.

— Бобом Абдуғаффор ижодкор сифатида элга танилган, — дейди 47-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Жасур Абдуғаффоров. — Оиламизда ҳамма китобхон. Болалигимдан бадиий асар ўқиш ва шеър ёдлашни бобомдан ўрганганман. 7-синфда ўқиганимда “Ёш китобхон” танловининг Республика босқичида 3-ўринни олганман. Бу йил бобомнинг ёрдамида 1-ўринни эгаллашга ва юртбошимизнинг совғаси – енгил автомашинани қўлга киритмоқчиман.

Зомин туманида иқтидорли ёшлар кўп. Улар орасида фан олимпияда ғолиблари Зулфия мукофоти соҳибалари, турли танлов совриндорлари, Франсияда ўтган олимпиада иштирокчилари бор. Биргина мисол, тумандаги ихтисослашган мактаб интернатда таҳсил олаётган 336 нафар ўқувчининг 126 нафари инглиз тилидан IELTS ва CEFR сертификатларига эга. 112 нафари чет тилини билиш даражасида В1, В2, С1 натижаларини қўлга киритган. Албатта, бундай ютуқларда фарзандларига тўғри йўл кўрсатаётган, амалий маслаҳат ва рағбат уйғотаётган ота-оналарнинг ёрдами беқиёс.

— Тадбирда кекса авлод вакиллари ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилди, — дейди “Нуроний” жамғармаси Зомин туман бўлими раҳбари Ўрол Аққулов. — Бу ёшларнинг келгусида ҳаётда ўз ўрнини топиб, юртимиз тараққиётига, янги Ўзбекистонни бунёд этишда янги ташаббуслар ғояларни илгари суришга рағбат бўлади.

Уч авлод учрашувидан олган маслаҳат, тавсия ва рағбат ёшларимизнинг барча соҳаларда фидоийлик кўрсатишга чорлайди. Юртбошимиз айтганидек, бунёдкорлик ишларига томошабин бўлиб эмас, камарбаста бўлиш, юртимиз тараққиётига дахлдорлик билан яшаш ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер