Кечаги абгор маҳалла обод манзилга айлантирилди
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Аҳолининг бугунги кунидан миннатдор бўлиб яшаши учун кўп нарса керак эмас. Аввало, манзилида, хонадонида қулай шароит бўлса кифоя. Шу боис жойларда ҳудудлар инфратузилмасини шакллантириш орқали ҳамюртларимизнинг коммунал соҳаларга оид муаммолари ижобий ечим топмоқда. Бунинг учун аввало, электр таъминотидаги узилишларга чек қўйилди.
– Биринчи галда 270 та эски симёғочлар янги темир бетон таянчларга алмаштирилди, – дейди туман электр тармоқлари идораси муҳандиси Шерзодбек Хожиакбаров. – Шунингдек, 1 та янги трансформатор пункти ўрнатилди. 5 та трансформатор ва 12,4 км. тармоқда таъмирлаш ишлари бажарилди. Бунинг натижасида ҳудуд куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга шай ҳолатга келтирилди.

Маҳаллада 21 та хонадонда тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммо мавжуд эди. 450 метр масофага тармоқ тортиш орқали аҳолининг мавзуга доир масаласи ижобий ечим топди. 2 км.дан иборат ички йўлнинг асфальт қилиниши натижасида маҳалладошларнинг узоқ йиллик орзуси амалга ошди.

Манзилда аҳолини доимий даромадга йўналтириш борасида ҳам ибратли ишларга киришилди. Жумладан, 5,5 гектардан иборат майдонда иссиқхона барпо этилмоқда. Яқиндагина иш бошлаган тикувчилик цехи 25 нафар чевар опа-сингилларимизни бир жамоага жамлади. Тез орада фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган мактабгача таълим ташкилотида 100 нафар болажонлар тарбияланади.
Бир сўз билан айтганда, муаммолар гирдобида қолган «Чўртонлиқ» маҳалласи бугун вилоятдаги энг обод манзилга айлантирилди.

Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг