Каттақўрғонга қарийб 7,7 млрд. сўмлик тракторлар келтирилди
Пахта тўқимачилик кластерлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда соҳага инновацион асосда ёндашилмоқда. Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги техника воситалари паркини замонавий техникалар асосида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Яқинда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманига “AMINA GOLD INBEST” МЧЖ томонидан 20 дона умумий қиймати 7 миллиард 651 миллион 626 минг сўмлик замонавий ҳайдов тракторлари келтирилди.
Кези келганда таъкидлаш лозимки, “AMINA GOLD INBEST” масъулияти чекланган жамият томонидан жорий йилда 6 минг 413 гектар ер майдонига чигит экилган бўлиб, 18 минг 639 тонна сифатли саноат хом ашёси етиштириш режалаштирилган.
Шу мақсадда тумандаги 150 та фермер хўжаликлари билан контрактация шартномалари имзоланган. Айни кунларда бу ерда 100 га яқин маҳаллий ёшлар меҳнат қилишмоқда. Янги замонавий ҳайдов тракторлари олиб келинганлиги муносабати билан қўшимча 40 та янги иш ўрни яратилди.
Айни кунларда ҳайдов тракторлари Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуйи устидан назорат қилиш инспекциясининг Каттақўрғон туман бўлими томонидан рўйхатга олиниб, махсус сертификатлар берилмоқда.
Муаллиф: Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг