Катта минбар, тезкор ва мазмунли нашр

18:00 04 Август 2025 Жамият
366 0

Фото: Иллюстратив фото

“Халқ сўзи” газетасини катта минбар, фуқаро ва жамият муносабати, геосиёсат, турли-туман соҳалардаги янгиликларни тезкор ва мазмунли ёритиб борадиган нашр сифатида қолдирмай ўқиб бораман. Жаҳон сиёсати, юртимизда рўй бераётган ўзгариш ва ислоҳотлар самараси, илм-фан, адабий жараёнларга қизиқишим туфайли халқ кўнглига яқин, содда ва самимий, ҳаётий воқеликларга асосланиб ёзилган, барча соҳадан мужда берадиган хабар, юрак қўри қўшиб ёзилган таҳлилий мақоллар диққатимни тортади.

Аввало, газета таҳририятига барча мухлис-газетхонлар учун янги “Олтин бешик”, “Энг гуллаган ёшлик чоғимда...” номли саҳифалар ташкил қилганлари учун ташаккуримни билдирмоқчиман. Бу саҳифаларда Ватан, муқаддас замин, улуғ қадриятларимиз, шонли тарих ва халқимизнинг буюк бунёдкорлик ва ҳамжиҳатлик хислатлари, навқирон авлоднинг истиқлол берган иқбол ҳақида илиқ сўз айтиш, ўзимиз яшаб турган қишлоқ ва воҳа ҳаёти, катта марралар, улкан орзу-умидлар, эришилган ютуқлардан дил ёриш мумкин. Газетанинг “Юртимиз бўйлаб...” рукнида ҳам кўнгилга таскин ва ғурур бағишловчи, озод ва обод ватанимиз вилоятлари, ташаббускор инсонлар ғайрати, Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида кенг тасаввур берувчи мақолалар бериб борилмоқда. Юртимиз вилоятларининг ўзига хос жиҳатлари, ижтимоий-иқтисодий соҳа ривожидаги муҳим ўрни батафсил, халққа тушунарли, содда ва самимий ёритилмоқда.

Мазкур газетанинг 2025 йил 2 августдаги сонида сенатор ва адиб Абдусаид Кўчимовнинг “Ер юзининг сайқали ёки мақолага сиғмаган Самарқанд” номли бугуннинг қайноқ нафаси, эл иродаси аксланиб турган мақолаларини ҳам мароқ билан ўқидим. Аслида ҳам Президентимизнинг вилоятларга ташрифи, аҳоли вакиллари билан учрашувлари, раҳбарлар ва бунёдкор халқимиз қалбига катта рағбат, шижоат беради. Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари ана шундай юқори кайфият, келажакка ишонч самарасидир. Мақолада бу ҳақида батафсил ва ойдин фикрлар юритилганки, ўқувчини шундай Ватанда яшаш бахтидан завқ туйишга ундайди.

Самарқандда бугунги кунда рўй бераётган ободлик, бунёдкорлик ва давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидан хабардор бўлганим учун шу мақолага сиғмай қолган баъзи жиҳатлар ҳақида сўз юритмоқчиман.

Самарқанд мамлакатимизда аҳоли сони ўсиши бўйича ҳам биринчи поғонада. Бу эса вилоятнинг тинимсиз ёшариб бораётганидан даракдир. Бугун Пахтачи, Нарпай, Иштихон, Каттақўрғон, Пастдарғом каби туманлар қанча ғалла ва пахта топширгани билан эмас, китобхон ёшлари, жаҳон чемпиони бўлаётган фарзандлари, ранг-баранг иншоотлар, ёруғ ва кенг кўчалар ва ширин ҳаёт билан мақтана олади.

Самарқанд туризм шаҳрига айланиб, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Халқаро туризм маркази, юзлаб меҳмонхоналар, сервис хизматлари юксалиб бораётир. Самарқанддаги туризм қишлоқлари, янги экоманзиллар ҳам мароқли мақолаларга мавзу бўлади.

Вилоятда 1 млрд. 200 миллион долларлик 14 та янги лойиҳа шакллантирилган. Уларни амалга ошириш натижасида 12 минг иш ўрни, 82 миллион долларлик экспорт имконияти очилиши назарда тутилган. Президентимиз ушбу лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишни жадаллаштириш топшириғини берганидан барча хабардор бўлса керак.

Истаклар ҳам бор: вилоятда музейлар фаолияти янада яхшиланиб, ёшлар кўпроқ жалб этилса, ижод аҳли учун “Маънавият маркази” қурилса, шаҳар ва туманлардаги истироҳат боғлари янада кўркам ва замонавий қулайликларга эга бўлишига эришилса. Бу ишлар ҳам навбати билан, албатта, амалга ошишига ишонамиз.

Муаллиф мақоласида мавжуд камчиликлар ва бажарилиши зарур бўлган ишларни ҳам қайд қилиб ўтганки, бу ҳали баъзиларнинг бефарқлиги, лоқайдлиги, юрт равнақи учун ҳамма бирдек тер тўкмаётганидан дарак. Маҳоратли журналист Самарқанд вилоятининг деярли барча туман ва шаҳарларида бўлган. Бу воҳанинг одамлари, уларнинг орзу-истакларини яхши билгани учун ҳам қиёслари кўп ва ҳаётий. Бу ҳолат оддий одамлар суҳбати, уларнинг қизиқишлари, ҳайратларини ифода этишида ҳам кўринади. Энг муҳими одамлар кайфияти ва умидлари, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаслик. Бутун борлиғи билан шу халқ ичига сингиб яшаш, юртдошлар ютуғи ва жонажон Ўзбекистон равнақи, истиқлол туфайли бўй кўрсатаётган ютуқлар, катта марралар замирида турган заҳматли меҳнат эгаларини эътироф этиш, қадрлай билиш керак.

Газетада эълон қилинаётган туркум мақолаларда шу жиҳат, кейинги 8-9 йил ичида амалга оширилган, одамнинг ақлини шоширадиган ўзгаришлар, фуқароларимизнинг зеҳни, тафаккуридаги инқилоб акси, ҳаётга муносабати, заҳматли меҳнат самаралари далил ва таҳлилларда шундоққина кўзга ташланиб турибди.

Тошпўлат ТУГАЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Самарқанд вилояти бўлими раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер