Катта бувиси Бухоро амири назарига тушган, ўзининг эса Японияда ҳам шогирдлари бор
Фото: Халқ сўзи
Кўҳна Бухоро азал-азалдан нафақат қадимий ёдгорликлари, осори атиқалари, балки ҳунармандларининг кўплиги билан ҳам машҳур.Зардўзлик, заргарлик, каштадўзлик, гиламдўзлик каби халқ амалий санъати йўналишларида асрлар оша бутун бошли сулолалар фаолият кўрсатиб келаётгани бежиз эмас. Бухоролик каштадўзлар сулоласига мансуб Вазира Атоева, хусусан, унинг 72 ёшли бувиси Қурбоной момо бу ҳақида мароқ билан сўзлайди.
— 18 ёшдалигимда турмушга чиққанман, — дея эслайди Қурбоной Атоева. — Қайнонам Матлаб Негматова моҳир каштадўз эди. Кечагидай ёдимда, мени ўз фарзанди ўрнида кўриб, «Ҳунарли хор бўлмайди, қизим», деганди. Шу бир оғиз илиқ сўз сабаб қўлимга нина тутиб, у кишидан каштадўзликни ўрганишга киришдим. Қари билганни пари билмайди, дейишгани рост. Ҳунар ортидан орзу-ҳавасларимга эришдим.
— Каштадўзликда қайнонангиздан ҳам ўзиб кета олдингизми? — ўсмоқчилаб сўраймиз момодан.
— Қайнонамга етарга йўл бўлсин, — дея кулимсирайди Қурбоной момо. — Ҳамма ишни эпларди. Ҳатто парварда ҳам пиширарди. Есангиз таъми оғзингизда қоларди. Тасаввури жуда кенг аёл эди. Нинани қўлга тутса, матога нақшни чизмай турибоқ тикишга киришарди. Ипак матода бежирим, кўрса ҳавас қилгулик нақшлар, манзаралар пайдо бўлаётганини кўриб, ҳайратланардик. Бухоро амири буюртмасига кўра сўзаналар тикиб берганидан яхши хабардорман. 106 ёшга кириб вафот этганди.
Қурбоной Атоева каштадўзлик сир-асрорини қизи Мадинага ўргатди. Бувиси ва онасининг атрофида гирдикапалак юрган неваралар ҳам мактабдаги сабоқдан сўнг қўлларига нина тутиб, матога нақшлар туширишни одат қилишди. Уларнинг бири Вазира Атоева ҳозир Бухоронинг олд каштадўзларидан.
— Каштадўзлик кишидан сабр, қунт, ижодий ёндашувни талаб қилади, — дейди Вазира. — Битта сўзанага бир йил вақт сарфлаган пайтим бўлган. Лекин қўл меҳнати бўлгани боис бу сўзананинг қадру қиммати ҳам шунга яраша. Ҳозир 80 нафар атрофида шогирдим бор. Кўпчилиги Шофиркон, Вобкент туманидан. Сирасини айтганда, каштадўзлик аёлларбоп ҳунар саналади. Уйда туриб даромад топиш мумкин. Рўзғор юмушларига ҳам бемалол улгурасиз.
Айни дамда Бухоро туризм ва маданий мерос техникумида таҳсил олаётган Вазиранинг 70-80 нафар шогирди борлиги таҳсинга сазовор, албатта. Билсак, бу ҳали ҳаммаси эмас экан.
— Чет эллардаги шогирдларим сони ўндан зиёд, — дейди инглиз, француз, япон, немис, рус, тожик тилларида бемалол сўзлашадиган Вазира. — Масалан, япониялик Уми Сато, Марико Отсука атайин устахонамга келиб, каштачилик сир-асрорларини ўрганиб кетишди. Биз тиккан сўзаналарни дунёнинг кўплаб давлатлари музей ва шахсий кўргазмаларда учратиш мумкин.
Вазира билан суҳбатимиз ниҳоясига етаёзган паллада музейни эслатувчи устахонага хорижий сайёҳлардан бири кириб келди. Ўзини «Ҳайит бин Мусса» дея таништирган тунислик меҳмон гуллар нақши туширилган буюмлардан бирини харид қилди. Таассуротлари ҳақида сўраганимизда эса «Бухоронинг, бухоролик ҳунармандларнинг маҳорати таърифига тил ожиз», дея жавоб берди.
Назаримизда, бу сўзлардан ортиқ таърифга ҳожат йўқ!
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг