Кассага эмас, киссага тушибди
Кексаларимиз “Барака – ҳалолликда”, дея доимо бизга эслатиб туришади. Истеъмолчи ва таъминотчи ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат ўрнига қўйилсагина, турмушимиз янада фаровон ва баракотли бўлади. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, афсуски, орамизда турли тоифадаги салбий хислатли инсонлар ҳам борлиги ачинарли ҳол.
Чуст туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза ёзган каркадонлик Обиджон Ғаниев мурожаатини кўриб чиқиш асносида бунга яна бир бор амин бўлдик. Аризада ёзилишича, тумангаз корхонаси томонидан унга нисбатан 2019 йил ҳолатига 594 000 сўм миқдорида нореал қарздорлик белгиланган. Бироқ, унинг шунча миқдорда қарзи бўлиши мумкин эмаслиги, чунки тўловни вақтида амалга ошириб келишини таъкидлади. Ва киритилган мазкур қарздорликни аниқлашда амалий ёрдам беришимизни сўради.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида ариза муаллифининг тўлов дафтарчасидаги маълумотларга ҳамда тумангаз корхонасидан олинган маълумотларга асосан ўрганиш ишлари олиб борилди ва қуйидагилар аниқланди. Ўрганиш жараёнида истеъмолчи Обиджон Ғаниев томонидан ўз вақтида амалга оширилган тўловлар тумангаз ҳисоб рақамига туширилган бўлса-да, истеъмолчининг абонент кодига киритилмаган. Назоратчи шоввозларнинг айтишларича, ойлик маошимиздан унинг ҳисобига ўтказиб қўямиз, деган ниятда у тўлаган нақд пулни ўзлаштириб олишган экан. Бу ҳолатни “Эсдан чиқиб қолибди”, деган баҳоналар билан юмшатишмоқчи бўлишди. Наҳотки, бу эсдан чиқадиган жараён бўлса. Истеъмолчининг талаби қондирилиб, қарздорлик унинг ҳисобидан чиқариладиган бўлди. Юқорида кўрсатилган миқдордаги суммани тўлаш эса айбдор назоратчилар зиммасига юклатилди.
М. МАҲКАМОВА, Жамият мутахассиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг