Карманада "медал"чи битирувчилар тақдирланди

19:01 22 Июнь 2021 Жамият
1380 0

Кармана туманидаги умумий ўрта таълим мактабларини жорий йилда 1564 нафар ўғил-қиз якунлаб, уларнинг 16 нафари намунали хулқи ҳамда мактабни аъло баҳоларга тамомлаганлиги учун олтин ва кумуш медаллар билан тақдирландилар.

Бугун туман ҳокимлигида ушбу битирувчилар, уларнинг синф раҳбарлари ҳамда ота-оналар иштирокида тақдирлаш маросими ўтказилиб, медаллар тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.

— Бугунги қувончли кунимни энг аввало, бизга ўн бир йил таълим ва тарбия берган устозларимнинг муваффақиятлари деб ҳисоблайман, — дейди 15-умумтаълим мактабининг битирувчиси Меҳрангиз Ибодуллаева. – Мен мактабни олтин медалга тугатиш билан бирга Британия менежмент университети талабалари сафига муддатидан олдин қабул қилиндим. Албатта, бу мамлакатимизда биз ёшларнинг таълим олиш ва илм чўққиларини эгаллашимиз учун давлатимиз раҳбари томонидан яратилган имкониятларнинг самарасидир.

Тадбирда жорий йил тумандаги умумтаълим мактабларини битириб, ОТМ муассасаларига муддатидан олдин ўқишга қабул қилинган ўғил- қизлар тақдирланиб, уларнинг ота-оналарига ҳам ташаккурномалар топширилди.

Бу борада туманнинг 30- умумтаълим мактаби 30 нафар битирувчиларининг 20 нафари, 2-мактаб эса етти нафари талабалар сафига қабул қилинганлиги билан етакчилик қилмоқда.

— Мактабимиз якунланаётган ўқув йилида IT-технологиялари бўйича «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси ғолиби сифатида «Президент совғаси» - «Спарк» автомобили билан ҳам тақдирланди, — дейди 2-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Дилноза Шокирова. — Албатта, мактабимизнинг бундай етакчилиги яқинда иш бошлаган биз ижодкорлардан ҳам шунга муносиб фаолият олиб бориш, ёшларда ижодий иқтидорни юзага чиқаришни тақозо этади.

Таъкидлаш жоиз мазкур анжуман ташвиқот таснифига ҳам эга. Яъни, таҳлиллар шуни кўрсатадики, тумандаги 31та умумтаълим мактабидан жорий йил якуни билан еттитасигина ўз «медалчи»ларига эга бўлишди. Бошқачароқ айтсак, 16 медалнинг 12 таси тўртта мактаб, яъни 2, 5, 8 ва 15- мактабнинг битирувчиларига насиб этди. Муддатидан олдин олий таълим муассасаларига қабул қилиш нуқтасидан ёндашсак, 12та мактабнинггина битирувчилари мазкур шарафга муяссар бўлишганлигини кузатиш мумкин.

— Мазкур рақамлар таълим сифати йўналишида туманимиз педагоглари олдида ҳали кўп масалалар ўз ечимини кутиб турганлигини ифода этади, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири Насиба Содиқова. – Зеро, имконият ва шароитлар тенглиги вазиятида самаралардаги кескин тафовут айрим таълим муассасаларида ислоҳотлар талаб даражасида эмаслигининг ойнасидир.

Тадбирда битирувчилар келгуси изланишларида ҳам тенгқурлари орасида тенгсиз бўлиб, ўз таълим даргоҳлари шарафини ҳимоя қилишларига ишонч билдирилди.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер