Карманада экспортбоп, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди
Кармана инновацион туманида республикамиз ҳудудида илк маротаба Ядро Физикаси Институти тадқиқотлари асосида ишлаш муддати узайтирилган, дезинфекциялаш хоссасига эга кумуш нано заррачалари билан модификациялаштирилган тескари осмотик мембраналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу маҳсулот истеъмолга яроқсиз сувларни молекуляр даражада тозалаб берувчи ускуналарнинг асосий ва мураккаб қисмидир.
“AWAL TECH“ МЧЖ томонидан амалга оширилган ушбу лойиҳа Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилиб, бугунги кунда 2 турдаги мутлақо янги маҳсулотлар: “AWAL 4040 тескари осмос мембранаси”. “AWAL 8040 тескари осмос мембранаси” ишлаб чиқарилмоқда. Тескари осмос мембраналарида кумуш нано заррачалардан фойдаланилганлиги туфайли унинг рақобатчи маҳсулотлардан устун бўлишини таъминлайди.
— Лойиҳа қиймати қарийб 1,5 миллиард сўмни ташкил этиб, олтита янги иш ўрни яратилди, — дейди корхона раҳбари Санжар Ашуров. — Қилинган харажатлар бир йилда ўзини оқлайди. Сабаби корхона қуввати йилига 800-1000 донани ташкил этиб, ҳозирнинг ўздаёқ 1 миллиард 700 миллион сўмлик маҳсулот реализацияси учун шартнома имзоланди.
Таъкидлаш жоиз, минтақамизда ичимлик сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар йилдан йилга мураккаблашиб борар экан, бу каби лойиҳаларнинг ишга туширилиши ўта муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби қўшни мамлакатлардан ҳам буюртмалар берилаётганлиги бунинг яққол далилидир.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг