Кармана туманида 153 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда

16:16 08 Сентябр 2023 Жамият
574 0

Фото: “Халқ сўзи”

Мамлакатимизда таълим миллий тараққиётимизнинг устувор омили сифатида белгиланиб, сўнгги йилларда тизимнинг мактабгача таълим соҳасига асосий йўналиш сифатида эътибор қаратилмоқда. Бунда ҳар бир бола учун мактабгача таълим ва тарбия олиш имкониятини яратиш, уларда таълимга иштиёқ ва кўникмаларни шакллантириш, атрофни англаш истагини қаноатлантириш, жисмоний ва ақлий фаолиятини ривожлантиришда тенгликни таъминлаш, соғлом овқатлантириш, оилаларга таълим ва тарбия ишларида кўмаклашиш каби мақсадлар ўз ифодасини топмоқда.

Бу йўналишда биргина Кармана туманида бугунги кунда 153 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатиб, ҳудуддаги болаларнинг 78,8 фоизи қамраб олинганини кузатиш мумкин. Бу 2017 йил билан солиштирилса, икки баравар кўп демакдир.

— Яшириб нимаям қиламан, икки фарзандимни Навоий шаҳридаги боғчага қатнаб улғайтирдим, — дейди меҳнат фахрийси Зайниддин Шойимов. — Илож қанча ишлардик, атрофимиздаги боғчалар бўлса ёпилиб кетган. Мана бугун ўша фарзандларимнинг болалари — невараларимни янги боғчага олиб олиб келдим.

Фото: “Халқ сўзи”

Туманнинг Зайниддин ота истиқомат қилаётган Айрончи маҳалласида сўнгги уч йилда 2 та давлат ва 4 та хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган. Шулардан бири 20-ДМТТ инвестиция дастури асосида реконструкция қилиниб, бунёдкорлик ишларига 2 млрд. 915 млн. сўм маблағ сарфланди. Юмшоқ ва қаттиқ мебеллардан тортиб, идиш-товоқларгача янгиланиши баробарида қўшимча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.  

— Муассасамиз илгари 60 нафар бола ўрнига мўлжалланган бўлиб, техник ва маънавий жиҳатдан бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермасди, —  дейди ташкилот мудираси Камола Раҳмонова. —  Реконструкция туфайли ўринлар сони 120 тага етказилиб, маҳалламиз болаларининг мактабгача таълим ташкилотига қамрови 100 фоизга етказилди.

Туманда бугун фаолият кўрсатаётган МТТнинг 100 дан зиёди нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бўлса, қолгани давлат хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасаларидир. МТТ бўлмаган маҳалланинг эса ўзи қолмади. Яқин истиқболда эса болаларни мактабгача таълим тизимига қамровни юз фоизга етказиш режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда бугун ушбу муассасалар тамомила янги мақомда таълим ва тарбияда ота-оналарнинг яқин ҳамкорига айлантирилди. Боиси, эндиликда мактабгача таълим муассасалари, ёш болали оилаларнинг меҳнат қилишга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариши билан бирга, мактаб ёшигача бўлган болаларнинг умумий саводини чиқариш, болаларда Ватанни севиш, ғурурланиш ҳиссини уйғотиш билан бирга жамоавий тарзда дунёқарашни кенгайтириш, баҳс ва мулоқот орқали ўз муносабатини белгилаш имконини берувчи масканга айланмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер