Карантин даврида Ўзбекистонда қайси тоифадаги оилалар энг қийин даврни бошдан кечирмоқда? Уларга қандай ёрдам бериш мумкин?

13:01 12 Апрель 2020 Сиёсат
2632 0

Ҳозирги карантин шароитида уч тоифадаги оилалар энг қийин даврни бошидан ўтказмоқдалар.

Биринчи тоифа — бу ўз уй-жойига эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар ҳисобланади. Чунки улар даромад топадиларми-йўқми, ижара ва коммунал тўловларни ҳар ой тўлашга мажбур. Карантин даврида эса уларнинг аксарияти ишсиз қолишди. Аммо ижара тўловларини тўламаса, бошпанасиз қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

Энг ёмони, уларнинг аксариятида ўзлари яшаётган жойида пропискаси бўлмайди. Табиийки, маҳалладан олинадиган моддий ёрдам ёки озиқ-овқат маҳсулотлар олиш имконияти чекланади.

Иккинчи тоифа — фақатгина чет элда ишлаётган оила аъзосининг даромадига қараб қолган оилалар. Сабаби бугун аҳолимизнинг аксарият қисми ишлаётган Россия Федерацияси ва Қозоғистонда ҳам карантин эълон қилинган.

Уларнинг оила аъзолари карантин шароитида маблағсиз қолмоқда. Боиси улар на кам таъминланган оилага, на етарли таъминланган оилага кирадилар.

Учинчи тоифа — кундалик даромадга асосланган ишларни қилиб юрган ватандошларимиз. Яъни кафе, ресторанларда ишлаётган ходимлар ёки бўлмаса киракашлик билан шуғулланиб тирикчилик қилиб яшаётган фуқароларимиз. Агарда карантин даври чўзиладиган бўлса, фуқароларимизнинг ушбу қатлами янада қийналиши аниқ.

Афсуски, бу каби оилаларга зарурий озиқ-овқатни етказиш билан бирламчи эҳтиёжини тўлиқ қоплай олмаймиз.

Шунинг учун уларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурамиз.

Биринчидан, жойлардаги ҳокимликлар маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда юқоридаги тоифаларга мансуб оилаларни пропискасидан қатъий назар алоҳида рўйхатини шакллантириши керак.

Бу каби оилаларни рўйхатга олишга ижтимоий тармоқлар ва ягона телефон тармоғи орқали амалга ошириш ҳам мумкин.

Иккинчидан, рўйхати шакллантирилган оилаларга заруратга қараган ҳолда банклар томонидан ҳар ойда маълум суммадан вақтинча қисқа муддатлик (3 ой 5 ой ойлик) микрокредит ажратиш йўли билан қўллаб-қувватлаб туриш зарур.

Учинчидан, ҳомийлик жамғармалари ҳисобидан аҳолига нақд шаклда ёки пластик картага ўтказиш орқали 3 ойлик муддатга фоизсиз ссуда бериб туриш лозим.

Аҳамиятлиси, мазкур таклифларни амалга ошириш бўйича қонунчилик механизмлари шакллантирилган. Фақат ижрочилардан озгина ташаббускорлик кўрсатилса, бас.

Албатта, юқоридаги таклифларни ўқиб, давлат ва банклар томонидан ўзи шунча маблағ йўналтирилмоқда-ку, дея эътирозлар билдирилиши мумкин. Аммо бир нарсани унутмаслик лозимки, агар фуқароларимиз витаминли, калорияли таомларни истеъмол қилмас экан, бу касаллик бизни тарк этиши узоққа чўзилаверади.

Ўз-ўзидан, фуқароларимизнинг яшаш даражаси пасаяди ва камбағал оилалар сони янада ошади. Натижада бугун берилмаган бир сўмимиз эртага уч сўм зарарга айланади. Бундан энг аввало банкларимиз ва давлат бюджети азият чекади.

Шунинг учун ҳамжиҳатликда, фуқароларни қўллаб-қувватлашга қилинган ҳар бир саъй-ҳаракат эртага ўз натижасини бериши табиий.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер