"Камп Ноу" номи ўзгариши мумкин. “Барселона“ эса 140 млн. евро йўқотди

00:55 06 Май 2020 Спорт
1409 0

Испаниянинг “Барселона“ футбол клуби вице-президенти Жоржи Кардонер ESPN телеканалига берган интервьюсида коронавирус пандемияси сабаб мусобақалардаги вақтинчалик танаффус жамоани 120 млн.-140 млн. еврога “туширган“.

Шулардан 60 млн. евроси ўйинлар ва клуб музейи чипталари сотувидан, 39 млн. евро телетрансляциялардан келиб тушиши керак эди. Клуб дўконлари ва футбол мактабларидан эса 20 млн.дан 25 млн. еврогача маблағ ишлаб олинарди.

Кардонер юзага келган оғир вазият туфайли жамоа раҳбарияти “Камп Ноу“ стадиони номини ўзгартириш ҳуқуқини 25 йиллик муддат билан сотиш имкониятини кўриб чиқяпти. Бундан олдин каталонлар буни келгуси мавсумда амалга оширишни режалаштиришаётгани ва келиб тушган маблағларни хайрияга сарфлашини маълум қилишганди.

2018/2019 молия йили якунига кўра, “Барселона“ рекорд даражада, яъни 990 млн. евро даромад кўрганди. Харажатлар эса 973 млн. еврони ташкил этган, солиқлар тўлагандан кейин қолган соф фойда 5 млн. евро бўлганди. Жорий йилги мавсумда эса 1,047 млрд. евро даромад олиш мақсади қўйилган эди. Аммо коронавирус пандемияси ушбу мақсадларни ўзгартириб юборди.

Оқибатда 10 апрель куни клуб директорлар кенгашининг олти аъзоси истеъфога чиқди. Вице-президентлар Энрике Томбас ва Эмили Русо, бошқарув котиби Жорди Класамилья, шунингдек, Жозеп Понт, Сильвио Элиас ва Мария Тейшидор жамоадан кетишини маълум қилганди. Улар мазкур қарорларини каталон клуби бошқарувида йўл қўйилаётган хатолар ва истиқболнинг йўқлиги билан изоҳлашди.

Испан клубларига 4 майдан машғулотларга қайтиш учун рухсат берилди. Ла-Лига раҳбарияти мамлакат чемпионати июнь ойида бошланиб, ёз охирига қадар якунланишини эълон қилган.

Айни пайтга келиб “Барселона“ 27 турдан кейин 58 очко билан турнир жадвалини бошқариб келяпти. Мадриднинг “Реал“ида эса 56 очко бор ва у иккинчи ўринда. Кучли учликни 47 очко тўплаган “Севилья“ якунлаб турибди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер