Камолиддин Раҳимовнинг ҳар бир қўшиғи юракларга кириб борарди

12:01 13 Январь 2023 Жамият
902 0

Фото: Халқ сўзи

«Наргиз», «Кўчамдан жонон ўтганда», «Кутаман», «Наманган тановари» сингари юзлаб қўшиқлари билан катта саҳнани забт этган забардаст санъаткор Камолиддин Раҳимовнинг бетакрор овози, умрбоқий ашулалари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби юртимизда. Миллионлаб мухлислар қалбидан муносиб ўрин олган бу инсон ҳаёт бўлганида шу кунларда 80 ёшга тўларди.

12 январь куни Наманган вилояти мусиқали драма театрида Ўзбекистон халқ артисти, «Фидокорона меҳнатлари учун» ордени соҳиби, Наманган фарзанди Камолиддин Раҳимов таваллуд санасига бағишланган «Устозни ёд этиб» номли хотира кечаси ташкил этилди.

Тадбир аввалида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё халқларининг севимли қўшиқчисига айланган ушбу ҳассос овоз соҳибининг ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, бу билан ёшларнинг миллий санъатга бўлган қизиқишларини янада ошириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапирилди.

— Халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ артисти, беназир ҳофизимиз Камолиддин Раҳимов санъаткорларнинг сараси эди, десам муболаға бўлмайди. У маҳорат билан ижро этган мумтоз ва замонавий қўшиқлар санъат ихлосмандлари, бутун халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлиги бўлиб қолади, — деди тадбирда сўз олган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов.

Халқ артисти Камолиддин Раҳимовни эслаб, қадрлаб ва эъзозлаб гуллар юрти Наманганга пойтахтимиз ҳамда республикамизнинг барча вилоятлардан меҳмонлар келишди.

Хотира кечасида Наманган вилояти филармонияси, вилоят театри ва мақомчилар ансамбли хонанда, созанда ва раққосалари томонидан элнинг суюкли ҳофизи қўшиқларидан термалар ижро этилди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер