Йирик корхоналарнинг мустаҳкам таянчи

13:25 10 Ноябрь 2023 Жамият
270 0

Фото: “Халқ сўзи”

Айни кунларда Қизилқум кенгликларида Навоий кон металлургия комбинати ташкил этилганлигининг олтмиш беш йиллиги кенг миқёсда нишонланмоқда. Ўтган асрнинг йирик воқелиги ҳисобланган корхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоий уран” давлат корхонаси ва “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасаси сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.

Комбинатнинг шонли ўтмиши ва бугуни ва келажагини “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси сафида хизмат қилаётган турли касб эгалларининг машаққатли меҳнатларидан айрича тасаввур этиш мушкул. Боиси давлат муассасаси ва унинг жойлардаги 5 та ҳудудий бошқармаларидаги 8 минг нафардан ортиқ ходимлар фаолияти “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоий уран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси меҳнат жамоалари, уларнинг оила аъзолари ва пенционерлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси солиқ резидентлари ва норезидентлари бўлган шахсларнинг ижтимоий-маданий, даволаш, спорт-соғломлаштириш, уй-жой, хўжалик ва бошқа эҳтиёжларини қаноатлантириш ҳамда хизматларни тўлиқ, ўз вақтида бажаришга қаратилган.

— Шунингдек, айнан “НКМК жамғармаси” ДМ га кўп минг сонли “НКМК” АЖ, “Навоий уран” ДК ва Жамғарма меҳнаткашларини ижтимоий қўллаб-қувватлашда хизмат кўрсатишни юқори босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилган, — дейди ДМ матбуот хизмати раҳбари Санжар Қурбонов. — Бундан ташқари, давлат муассасаси фаолиятининг 30 фоиздан ортиқ қисмини ишлаб чиқариш ташкил этади.
Корхона жамоаси айни кунларда комбинат юбилейи билан бирга мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланадиган Касаба уюшмалари кунига ҳам пухта ҳозирлик кўришмоқда. Шу муносабат билан жамоа томонидан ташкил этилган “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасаси – сифатли ижтимоий ҳимоя кафолати” мавзусидаги матбуот анжумани ҳамда “Фарҳод” маданият саройи, “Сўғдиёна” жисмоний тарбия ва спорт мажмуаси ҳамда “Металлург” санаторий-профилакторийларига уюштирилган пресс-турни ўзига хос ҳисобот сирасига киритиш мумкин.

Матбуот анжуманида таъкидландики, бугунги кунда Жамғарма тасарруфидаги соғлиқни сақлаш тизимининг 5 та тиббий санитария қисмларида ҳар йили 25 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимларга стационар даволаш хизматлари, поликлиникалар орқали эса 1 миллиондан ортиқ кончилар ва уларнинг оила аъзоларига турли хилдаги тиббий хизматлар кўрсатилади.

Жамғарма тасарруфидаги “Металлург”, “Кончи”, “Нуробод”, “НКМК”, “Горняк” каби санаторий-профилакторийлар ҳар йили 15 минг нафар атрофида ишчи-ходимлар соғлиғини тикласа, ёз мавсумида 10 минг нафарга яқини “Тўдакўл”, “Айдаркўл”, “Совуқ булоқлар” каби дам олиш масканларида ҳордиқ чиқаришмоқда.

Шунингдек, Жамғарма тасарруфидаги барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида кончилар ҳамда турли ҳудудларда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг ёзги таътилини мароқли ўтказишларини таъминлаш мақсадида 4 та мавсумда 6 та стационар, 5 та кундузги, 2 та меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари12 минг нафардан ортиқ болажонларни ўз бағрига олади.

— Ҳозирги кунда Жамғармада 12 та маданий-оммавий муассасалар бўлиб, уларда 170 га яқин бадиий-ижодий ҳаваскорлик жамоалари ва тўгараклар фаолият кўрсатмоқда, — дея сўзида давом этади С. Қурбонов. — Мазкур жамоалар 4 500 га яқин болалар ва катталарни қамраб олган. Шунингдек, Жамғарма тасарруфидаги 41 та ётоқхонада 10 600 нафардан ортиқ НКМК ва Жамғарма ишчи-ходимлари ўз оила аъзолари билан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи тўлалигича сақланган ҳолда истиқомат қилиб келишмоқда.

“НКМК жамғармаси”нинг яна бир хизмат кўрсатиш тури бўлган “Овқатлантириш комбинатлари бугун НКМК ва “Навоий уран” ДКларининг кўп минг сонли ходимларига хизмат кўрсатиб, уларнинг сифатли ва табиий маҳсулотлар орқали овқатланишини ташкил этиб келмоқда.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва журналистлар саволларига атрофлича жавоблар берилди.

Журналистлар пресс-тур давомида маданият ва спорт муассасаси фаолияти ва яратилган шароитлар билан танишишди. Санаторий-профилакторий имкониятлари ва у ерда соғломлаштирилаётган дам олувчилар билан мулоқотда бўлдилар.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер