Йилига 200 миллион сўм даромад топяпман

19:08 21 Июль 2023 Жамият
553 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бизнинг Оқработ қишлоғи одамлари ўзларининг деҳқончилик, боғдорчиликда эришган ютуқлари билан машҳур. Бир парча томорқадан ҳам миллионлаб даромад топаётган оилалар кўп. Узумчиликда эришаётган ютуқларимиз эса алоҳида бир мавзу. “Оқработ узуми” деган ном бугун маҳаллий бозорда брендга айланиб улгурди.

Мен ҳам томорқамда кичик бўлсада узумзор боғ барпо этиб, шу узумчилик билан шуғулланиб келаётган эдим. Нафақага чиққач бу ишни янада кенгайтириб, тадбиркорлик фаолиятига айлантириш режаси туғилди.

Шу боис уйим ёнидаги фойдаланилмай ётган бўш ерларни ўзлаштириб, 80 сотих майдонда узумзор боғ барпо этдим. Айни пайтда бу ерда “Ҳусайни”, “Ризамат ота”, “Қора кишмиш” сингари бир неча узум навлари парваришланмоқда. Ҳар бир тупдан ўртача 30 килограммдан ҳосил олганимизда ҳам салкам 20 тонна узум бўлади. Бу йилига ўртача 200 миллион сўм даромад деганидир.

Кейинги йилларда томорқа маданиятини ошириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитларни кўриб, шижоатим янада ошиб кетади. Фарзандларим, невараларимни ишга солиб, янги-янги ташаббусларни амалга ошириш ҳаракатига тушаман. Хусусан, икки йил аввал боғ ёнида 15 сотих майдонда иссиқхона қурган эдик. Ҳозир бу ерда помидор ҳамда булғор қалампири етиштириб, бундан ҳам яхши даромад оляпмиз.

Меҳнатларим ортидан етти нафар фарзандимни уйли-жойли қилиб, элга қўшдим. Ҳаммаси ҳаётда ўз йўлига, касб-корига эга. Қолаверса, меҳнатим ортидан элда обрў-эътибор топдим. 2019 йили “Меҳнат фахрийси” кўкрак-нишони билан тақдирландим.

Қўчқор КЎЧИМОВ,

Қамаши тумани, Оқработ қишлоғи, боғбон.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер