Йиғилишда деҳқонларга экин ерларини ижарага бериш ишлари ҳам номига ташкил қилингани кўрсатиб ўтилди

21:26 27 Июль 2023 Сиёсат
799 0

Йиғилишда деҳқонларга экин ерларини ижарага бериш ишлари ҳам номига ташкил қилингани кўрсатиб ўтилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби хабар берди.

Жумладан, аҳоли яшаш жойидан узоқда жойлашгани, сув таъминоти оғирлиги сабаб 1 минг 157 гектар экин ерлари танловга қайта-қайта қўйилмоқда.

Вилоятда экинларни етиштириш учун харажатлар 1 сотих ер майдонига ўртача 220 минг сўмни ташкил қилиб, республика ўртача кўрсаткичидан 1,5 баробар кўп.

Шунингдек, ўтказилган сўровлар натижасига кўра, 32 фоиз ер эгаларига туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган.

Инфляцияни жиловлаш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлашда ҳокимлар томонидан кўрилаётган чоралар ҳам қониқарсиз экани қайд этилди.

Шу боис, ҳудудида ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Уринбоев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи А.Тиллаволдиев, Риштон тумани ҳокими С.Солиев, Марғилон шаҳар ҳокими А.Зиявитдинов ва солиқ бошлиғи Т.Хусанов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг қурилиш ҳамда инвестиция бўйича ўринбосарлари, Бағдод, Қува ва Бувайда туманлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.

Фарғона шаҳри ҳокими ва сектор раҳбарларининг лавозими 3 ой синов муддати билан ўз вазифасини бажарувчи даражасига туширилди.

Президент топшириғига кўра, вилоятнинг ишга солинмаган имкониятларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарга республикадан масъуллар бириктирилди.

Улар томонидан 2 миллиард долларлик қўшимча захиралар аниқланди ва тадбиркорлар билан учрашиб, аниқ лойиҳалар шакллантирилди.

“Агар ҳокимлар вақт ажратиб, тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ солса, ташаббусларини тингласа, вилоятдаги туманларнинг барчаси йил якунига қадар бемалол камида 100 миллион доллардан инвестиция жалб қилиши мумкин”, — деди давлатимиз раҳбари.

Давлатимиз раҳбари Қува ва Бешариқ туманлари мисолида ушбу имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Жумладан, Қува туманида яроқсиз ҳолга келиб қолган “Қува-2» насос станциясини хусусий шериклик асосида тадбиркорларга бериш ва 9 миллиард сўм инвестиция эвазига замонавий ускуналар ўрнатиб, электр харажатларини ойига 2,5 миллиард сўмдан 360 миллион сўмга, яъни 7 баробарга қисқартириш мумкин.

Бундан ташқари, “Каркидон” сув омбори атрофида ҳар йили 100 минг нафар сайёҳ учун хизмат қиладиган замонавий туризм зонасини ташкил қилиш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер