Изланган имкон топар

19:55 27 Май 2021 Жамият
995 0

Имконияти чекланган ёш авлод вакилларининг жамиятда ўз ўрнини топиши, иқтидорини намоён этиши учун шарт-шароитлар яратиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Нажот таълим» ўқув маркази ҳамкорлигида ташкил этилган «Имкон» гранти лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватловчи ана шундай чора-тадбирлардан биридир.

Мазкур лойиҳа 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизларнинг информацион технологияларнинг 5 йўналиши — веб дастурлаш, график дизайн, моушн графика, рақамли маркетинг, ижтимоий медиа маркетинг бўйича билимларини ошириш, уларнинг соҳада фрилансерлик хизматларини кўрсатиш орқали иқтисодий даромад олишига имкон яратишни кўзда тутади.

Ўтган мавсум 300 нафардан ортиқ ёшлар орасидан 44 нафар лойиҳа битирувчиси сертификат ва ноутбуклар билан тақдирланиб, фрилансерлик фаолиятини бошлаши учун кўмак берилган.

Айни кунларда лойиҳанинг жорий йилги саралаш босқичлари ташкил этилмоқда. Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида лойиҳа қатнашчилари билан суҳбат ва савол-жавоблар ташкил этилди.

— График дизайн йўналишига қизиқаман, — дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаси Аҳмадали Қамбаралиев. — «Имкон» лойиҳаси бу борада билим ва салоҳиятимни оширишга имкон яратади, деб ўйлайман. Ҳакамлар томонидан берилган саволларга баҳолиқудрат жавоб қайтардим. Натижани вақт кўрсатади.

Жорий йилги лойиҳада 212 нафар талабгор иштирок этаётган бўлиб, ушбу босқичда 30 нафар қатнашчи саралаб олинади.

Фарангиз ХЎЖАҚУЛОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер