Ижодий изланишлар эътирофи

21:06 15 Май 2023 Жамият
1617 0

Фото: “Халқ сўзи”

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида “Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу танлов бу йил янгича низом асосида ташкил этилди. Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлди.

Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда миллий журналистика соҳасини янада ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ “Олтин қалам” танловининг ҳам нуфузи ошиб бораётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорига мувофиқ, бу йил танлов ғолибларини рағбатлантириш янада кенгайди. Жумладан, бош миллий мукофот учун автомобиль тақдим қилинди. Биринчи ўрин соҳиби базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, иккинчи ўринни олган базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари, учинчи ўрин эгаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди. Рағбатлантирувчи номинациялар сони ва уларга бериладиган пул мукофотлари ҳам ошди. Хусусан, 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти ажратилди.

Бундай эътиборга мос равишда танловда қатнашувчилар сони ҳам ҳар йилгидан кўпайди. Яъни жорий йил танловда 500 дан зиёд ОАВ вакиллари 4 мингга яқин ижодий ишлари билан қатнашди.

Тантанали тадбирда телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлар йўналиши, барча номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга махсус статуэтка, пул мукофоти ва дипломлар тантанали топширилди. 

Бош миллий мукофотга Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети муносиб топилди. Унга енгил автомобиль калити, махсус статуэтка ва диплом тантанали равишда топширилди. 

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари К.Алламжонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари —Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Ш.Асадов иштирок этди.

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.

Дилшод КАРИМОВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер