“ITOCHU Corporation” делегацияси билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда “ITOCHU Corporation”нинг ташқи алоқалар бўйича катта вице-вакили Масаҳиро Имай ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Бобур Ходжаев ҳамда департамент директори Темирмалик Холиқов, хорижий томондан ПР бўлими бош менежери Тсутсуи Хироши, ядро ёқилғиси департаменти менежери Шибата Тошитака ва Тошкентдаги ваколатхона раҳбари Накаяма Шотаро қатнашди.
Маълумот учун: “ITOCHU Corporation” халқаро миқёсдаги етакчи савдо ташкилоти бўлиб, савдо, импорт ва экспорт соҳасида фаолият олиб боради. Шунингдек, чет элда турли хил товарлар, хусусан, тўқимачилик, металлар, минераллар, энергия, кўчмас мулк, кимё маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ахборот-коммуникация технологиялари, умумий товарлар савдоси, суғурта, логистика, қурилиш ва молия, шу жумладан, Япония ҳамда хориждаги инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этади.
Учрашувда Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга доир муҳим масалалар муҳокама қилинди. Масаҳиро Имай “ITOCHU Corporation” компанияси мамлакатга сармоя киритишга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Ўзбекистоннинг юксак салоҳиятига ишонч билдириб, компания мамлакатни ривожлантиришда бундан кейин ҳам фаол иштирок этишга тайёрлигини таъкидлади. Хусусан, автомобилсозликдаги мавжуд вазият муҳокама қилиниб, ушбу соҳага сармоя киритиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, учрашув чоғида “ITOCHU Corporation” вакили япон инвесторларининг Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, компания ҳамкорликни, айниқса, инвестиция ва кичик бизнес билан алоқаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва “ITOCHU Corporation” ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ҳар икки томон алоқаларни давом эттириш ниятида эканликларини билдириб, муҳокама қилинган режа ва ғояларни амалга ошириш бўйича ташланадиган кейинги қадамларни келишиб олдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг