Иссиқлик ва озиқ-овқат таъминотида муаммоларга дуч келаётган оилаларга кўмаклашилмоқда

11:00 19 Январь 2023 Жамият
870 0

Фото: Халқ сўзи

Ижтимоий кўмакка муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларга саховат кўрсатиш халқимизга хос қадриятлардан ҳисобланади. Айниқса, бугунги синовли кунларда бундай эзгу фазилатларимиз янада яққол намоён бўлмоқда.

Аномал совуқ сабаб Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан кам таъминланган оилалар, ёлғиз яшайдиган ва ногиронлиги бўлган фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда иссиқ кийим-бошлар тарқатиш чора-тадбирлари изчил давом эттириляпти. Ҳозирга қадар вилоятда мингдан зиёд эҳтиёжманд хонадонларга ана шундай мурувват ёрдамлари кириб борди. Таъкидлаш ўринлики, бу ишларда вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, сиёсий партиялар қаторида тадбиркорлик субъектлари ҳам намуна кўрсатаётир.

Хусусан, Ургут тумани тадбиркорлари томонидан вилоят навбатчилик штабига 350 миллион сўм пул маблағи ҳамда 20 минг жуфт иссиқ пайпоқ, туман штабига эса бир тонна ўсимлик ёғи, 10 минг жуфт иссиқ пайпоқ, 10 тонна кўмир ёқилғиси етказиб берилди. Шунингдек, уларнинг саъй-ҳаракати билан тумандаги 1-умумтаълим мактаби, Қуйи Гузар, Чорраҳа, Гўзни маҳаллаларидаги ўнлаб кам таъминланган аҳоли хонадонлари қиш мавсумидан беталофат чиқиши учун зарур миқдорда кўмир ёқилғиси билан таъминланди.

Қиш-қировли кунларда иссиқлик ҳамда озиқ-овқат таъминотида муаммоларга дуч келаётган оилаларга кўмаклашиш ишлари вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоқларида тизимли олиб борилмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер