Иссиқхонада йилига тўрт маротаба ҳосил олаётган миришкор

15:44 24 Январь 2025 Жамият
245 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қува туманининг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган Абдунаби Хўжамов бир кам 70 ёшда. Шунга қарамасдан ҳамон навқирон йигитлардек ғайрат-шижоатли бу ҳамюртимиз томорқа ишлари, кетмон чопишда анча-мунча ёшларни ортда қолдиради.

— Хонадонимизда 6 сотих иссиқхонамиз бор, — дейди Абдунаби ота. — Қиш чилласи чиққач, баъзан об-ҳавога қараб, 1-10 февраль кунлари орасида дастлабки ҳосил сифатида карам экилиб, иккинчи ҳосилга уруғ ташланади, кўчат қилиб пешма-пеш ўстирилади. Шу тариқа навбати билан алоҳида жойда тайёрлаб олинган “Белка F1” навли корейс карами экилади. Бу карам ҳар икки ойда пишиб етилади ва йил давомида карамдан тўрт маротаба ҳосил оламиз.

Ҳар бир ҳосилдан ўртача 25 миллион сўм даромад бўлади, даромадимизнинг йиллик салмоғи 100 миллион сўмдан ошади. Маҳсулот асосан ички бозорга етказиб берилади.

Айни пайтда бозорларимизда маҳаллий шароитда кўп экиладиган оддий карамнинг бир килограмми ўртача 4-5, корейс карами эса 8-10 минг сўмдан сотилмоқда. Белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, об-ҳаво инжиқликлари, қуёшнинг меъёридан ортиқ иссиғидан асраш орқали бир туп карамдан беш килограммгача ҳосил олиш мумкин.

Айтиш жоиз, кимёвий ва биологик ишлов бериш учун юртимизда керакли дори воситалари мавжуд. Фақат корейс карами ширага тез чалингани боис парваришлаш жараёнида ҳушёр бўлиш талаб этилади. Шу билан бирга, ушбу карам нави кам сувликни ёқтирмайди. Шуни инобатга олиб, мазкур экин сувга қулай жойда экилса ва парваришланса кутилган ҳосилни беради.

Ҳозирда миришкор томорқачи фаолиятини кенгайтириш мақсадида уйига яқин ҳудуддан 50 сотих қўшимча ер олиш ҳаракатида. Шунингдек, карамни қиш мавсуми учун сақлаш мақсадида мўъжазгина музлатгичли омборхона қуришни ҳам режалаштирмоқда. Айни пайтда оила аъзолари карамни қишга ўз хонадонида – қўлбола усулда сақлашади. Ҳаво ҳарорати кутилганидан совиб кетса, уйда сақланаётган карам маҳсулотини арзон нархда сотиб юборишларига тўғри келади.

“Дўстлик” МФЙ раиси Раҳматжон Мўминовнинг қайд этишича, маҳалладаги 570 та оилада 2 минг 145 нафар аҳоли истиқомат қилади. Оилалар тасарруфида деҳқончилик қилиш учун 25 гектар томорқа ери мавжуд. Гулчилик, лимон ва мандарин каби цитрус мевалар етиштириш борасида маҳалла аҳли катта ютуқларга эришиб келмоқда. Хусусан, миришкор томорқачи Абдунаби Хўжамовнинг корейс карами парваришлаш борасидаги ибратли тажрибаси эътиборга лойиқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер