Иссиқ сув қувури ўрнига совуқ сув қувури, сифатсиз қурилишлар, авария ҳолатидаги трансформаторлар... Самарқандда “Очиқ бюджет”да ютилган лойиҳаларга ажратилган маблағлар талон-тарож қилиндими?

12:14 07 Март 2024 Жамият
853 0

Фото: "Халқ сўзи"

Абдулазиз Йўлдошев/ “Халқ сўзи”. Самарқанд вилоятида ўтган, 2023 йилда “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларнинг айримлари ҳалигача тўлиқ бажарилмаган. Бажарилганларида ҳам ишнинг сифатсизлиги ва ажратилган маблағлардан самарасиз фойдаланиш каби ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, “Юксалиш” ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси билан биргаликда жамоатчилик вакиллари иштирокида Самарқанд вилояти ҳокимининг 2023-йил 13-мартдаги 83-7-0-Қ/23-сонли қарори билан тасдиқланган “Ҳудудий дастур”нинг 118-бандида белгиланган 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр энергияси, йўл, мактаб каби йўналишлар, шунингдек, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, бунда, ажратилган маблағлар ва амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчилик мониторинги амалга оширилди.

Фото: "Халқ сўзи"

Мониторинг давомида Самарқанд шаҳридаги 24-умумтаълим мактабида қурилиш ва таъмирлаш ишларни амалга ошириш ишлари “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали 2023 йилнинг 2 мавсумида бошланиши белгиланган. Шу асосда мактаб атрофини 600 метр девор билан ўраш, спорт зал ва фаоллар залларида иссиқлик тизими ўрнатиш, бошланғич синфлар учун 10 очколи ҳожатхона қуриш, ошхона ва омборхонада қўшимча хоналар қуриш, спорт залнинг кийиниш хоналарни таъмирлаш, мактаб биноси фасад қисмини таъмирлаш ва ҳовлисида 500 м/кв плитка териш (қуёш панел ўрнатиш билан) буюртмачи ташкилот “Ягона буюртмачи хизмати” ДУК ва пудратчи ташкилот “MINOR AGRO QURILISH MCHJ” томонидан шартнома бўйича лойиҳа қиймати 1 миллиард 140 миллион сўмлик ишлар бугунги кунгача тўлақонли топширилмаган. Бажарилган ишларда ҳам камчиликлар кўплиги маълум бўлди.

Фото: "Халқ сўзи"

Хусусан, лойиҳада мактаб бошланғич синфлар учун 10 очколи ҳожатхона қуриш белгиланган бўлса-да, маблағ етмаганлиги сабабли барпо этилмаган. Мактаб ошхонасида ўрнатилган янги иситиш тизими яқиндагина топширилган бўлишига қарамасдан пластмасса сув қувурлари қийшайиб қолган. Бунга сабаб иссиқ сув учун мўлжалланган жойга совуқ сув учун мўлжалланган пластмасса сув қувурлари ўрнатиб кетилган.

Фото: "Халқ сўзи"

— Шунингдек, таъмирлаш ишлар олиб борилган синфларнинг деворлари моғорлаб ётибди. Иситиш тизимлари турли ўлчамларда сифатсиз ўрнатилган, йўлакларга терилган плиткалар атрофи очиқ, иссиқ-совуқда очилиб кетган, — дейди “Юксалиш” ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси раҳбари Элёр Ҳамраев. — Катта умидлар билан ўрнатилган кўринишидан янги 2 та қозонхона печлари мутлақо яроқсиз, улардан сув оқиб ётибди. Мактаб ўқитувчилари томонидан 2, 3 маротаба пайвандлаб қўйилган. Аммо фойдаси бўлмаган. Яқиндагина топширилган ушбу лойиҳада шунча камчиликлар. Ваҳоланки, лойиҳа қабул қилинаётганда мутасаддиларнинг ҳаммаси рисоладагидек, дейишганига қандай қараш керак?!

Фото: "Халқ сўзи"

Самарқанд шаҳридаги 35-умумтаълим мактаби ҳудудини ободонлаштириш, асфальт қилиш ҳамда спортзал биносида иссиқлик тизимини ва барча синф хоналарида замонавий эшик ромлар ҳамда қуёш панеллари ўрнатиш пудратчи ташкилот “ABDUMANNON NUX-OQDARYO XK” корхонаси томонидан 950,0 миллион сўмлик лойиҳа доирасидаги ишлар 2023 йилнинг 2 мавсумида бошланган бўлса-да, бугунги кунгача бу юмушлар тўлақонли топширилмаган. Мактаб ўқувчилари бугунги ёғингарчилик кунларида мактаб ҳовлисидаги лой кечиб юрибди.

Фото: "Халқ сўзи"

— Шунингдек, мактаб биносининг ҳовли қисмидаги гулхоналар атрофига қўйилган бетонлар ёрилиб, йиқилиш ҳолатига келиб қолган, — дейди Элёр Ҳамраев. — Бинога янги ўрнатилган айрим эшикларнинг ойналари қўйилмаган, асосий бино олдида лойиҳа бўйича қурилаётган зинада ногиронлиги бор фуқаролар учун пандос қурилмаган ва ишлар ҳеч қандай сабабларсиз чўзиб келинмоқда.

Навбоғчиён МФЙда жойлашган 73-умумтаълим мактаби ҳудудидаги 2 та трансформаторнинг симёғочлари эса яроқсиз бўлиб, авария ҳолатига келиб қолган. Мактаб директорининг билдиришича, ушбу ҳолат юзасидан кўп маротаба шаҳар электр тармоқлари корхонасига маълум қилинган. Афсуски, масъуллар бу ҳолатга панжа ортидан қарашда давом этмоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

Бундан ташқари Навбоғчиён МФЙдаги Навбоғчиён-1, Гумбаз, Дурдона, Узумзор, Ўзбекистон, Навбоғчиён, Ипакчи, Шоҳимардон ва Бўзи кўчаларига 250 та электр бетон устунлар, 4 та трансформатор ва 20 000 метр электр симлари ўрнатиш учун 800,0 миллион сўм шартнома қиймати бўйича “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали 2023 йилнинг 2 мавсумида ғолиб бўлган. Ушбу маҳаллада ишлар ҳалигача бошланмаган.

Навбоғчиён МФЙдаги электр тармоқларининг бугунги кундаги ҳолати ўрганилганида ушбу маҳалла фаолларининг мазкур лойиҳага жиддий эътибор қараганлиги бежизга эмаслигини кўриш мумкин.

Фото: "Халқ сўзи"

Маҳалланинг қоқ ўртасидан бир эмас, икки эмас, учта магистрал, катта кучланишли симёғочлар ўтган. Уларнинг симлари аҳолининг мевали дарахтлари шохларига тегиб турибди. Катта серқатнов йўл ёқасида эса ҳеч қандай муҳофаза қилинмаган 2 та трансформатор бугунги кунда аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Жуда ҳам ачинарлиси шундаки, йўл ёқаларидаги симёғочлар эскириб кўпчилиги хавфли кўринишга келиб қолган.

Булардан кўриниб турибдики, ушбу лойиҳалар ё ўз ишининг усталарига топширилмаган, ё маблағлар талон-тарож бўлган. Умид қиламизки, ушбу ҳолатларни тегишли ташкилотлар холис ўрганиб, тегишли чора тадбирлар кўрилади. “Халқ сўзи” бу мавзуга яна қайтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер