Исроилнинг Ғазога қилган ҳужумларида ҳалок бўлганларнинг ярми аёллар ва болалар — ЖССТ
Фото: Reuters
Исроилнинг Ғазога ҳаво ҳужумлари бошланганидан бери 2800 киши ҳалок бўлган, 11 минг киши тан жароҳати олган. Ҳалок бўлганларнинг ярмини аёллар ва болалар ташкил этади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди.
ЖССТ Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақавий бошқармаси фавқулодда вазиятлар бўйича минтақавий директори доктор Ричард Беннаннинг сўзларига кўра, БМТ агентлиги Фаластин анклавида узоқ муддатли гуманитар инқироз ҳақида огоҳлантирганидек, ташкилот ёрдам ва дори-дармонларни етказиб бериши учун Ғазо секторига зудлик билан кириши керак.
Расмийларнинг маълум қилишича, Ғазодаги тиббиёт муассасаларига 115 та ҳужум уюштирилган, аксарият шифохоналар ишламаяпти, сув ва электр қуввати ҳамда дори-дармон танқислиги кузатилмоқда.
Аввалроқ, БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасини Исроил армиясининг Ғазо секторидан фаластинликларни кўчириш ҳақидаги чақириғи ҳайратда қолдирган эди. БМТ Исроил армияси ўз баёноти билан Ғазо секторининг миллиондан ортиқ аҳолисига мурожаат қилганини эслатди.
“Тинч аҳоли хавфсизлиги кафолатисиз мажбурий кўчириш халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ва уруш жинояти ҳисобланади”, — дейилади ташкилот баёнотида. Бундан ташқари, ташкилот Исроил томонидан эълон қилинган жанубга ўтиш хавфли эканлигини таъкидлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг